Энергетика вазирлиги матбуот котиби Ҳасан Тошхўжаев табиий газ босимининг меъёрий схемага қайтгани сабабли бугун — 7 мартдан мамлакатдаги барча автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари очилишини маълум қилди.

17 февраль куни Бухорода кучли шамол туфайли электр узатиш тармоқларининг авариявий ўчиши кузатилди ва бу 10 та газ ҳайдаш агрегати тўхташига олиб келди. Оқибатда магистраль газ қувурларида босим пасайди ва барча метан «заправка»лар фаолияти вақтинча тўхтатилганди.

Ўшанда «Газли» компрессор станциясидаги 8 та ҳамда «Газли» газни қайта ишлаш заводига қарашли «Учқир» компрессор станциясидаги 2 та газ ҳайдаш агрегати фавқулодда тўхтаганди.

Авариявий ҳолат бартараф қилингач, газ агрегатлари тўлиқ куч билан ишлай бошлаши ва метан «заправка»лар ҳам белгиланган режа-график асосида (ҳар куни соат 8:00 дан 15:00 гача вақт оралиғида) босқичма-босқич ишга туширилиши айтилганди.

22 февраль куни «метан заправка»лар фаолиятига чекловлар босқичма-босқич олиб ташлана бошлади, бироқ улар 6 мартгача амал қилди.

Мамлакатда жами 1517 та автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари мавжуд. Якшанба куни улардан 280 таси ишлаган бўлса, пайшанба куни бу кўрсаткич 550 тани ташкил этди.