Бухоронинг тарихий қисми билан чегарадош ҳудудда «Боқий Бухоро» маданий-этнографик парки лойиҳасини амалга ошириш бошланди. Янги мажмуани барпо этиш учун Бухоро марказидаги 32,6 гектар майдонда 29 та объект, жумладан, вилоят ва шаҳар ҳокимликлари бинолари, вилоят прокуратураси, Мажбурий ижро бюроси, ўрта таълим ва мусиқа мактаблари маъмурий ва ижтимоий иншоотлар бузилиши режалаштирилган. Айни пайтда «Бухоро Арена» стадиони, шаҳар ҳокимлиги биноси, мусиқа мактаби ва бошқа бир қатор объектлар қисман бузиб бўлинган. «Газета.uz» мухбирлари Бухорога сафар қилиб, бузиш ишлари олиб борилаётган объектларда бўлди ва вилоят бош архитектори Зуҳриддин Муҳиддиновдан бир қатор саволларга жавоб олди.

- «Боқий Бухоро» сайёҳлик мажмуаси нима учун айнан шаҳар марказига қурилмоқда? Худди Самарқанддаги туристик марказ сингари шаҳардан ташқарида қурса бўлмасмиди?

— Охирги йилларда туризм соҳасининг ривожланиши натижасида Бухорога келадиган маҳаллий ва хорижлик туристлар оқими кўпайди. Эски шаҳар ҳудудида яшовчи аҳолига қулай шароит яратиш ҳамда шаҳардаги юкламалар ҳажмини қисқартириш мақсадида «Боқий Бухоро» маданий-этнографик паркини қуришга қарор қилинди. Бўлажак мажмуа ҳудуди бўйича бош режани ишлаб чиқиш жараёнида турли вариантлар муҳокама ва таҳлил қилинди. Охири Эски шаҳарнинг буфер қисмида жойлашган 32 гектарлик майдон танланди. Чунки бу ерда бир қанча маъмурий бинолар: вилоят ва шаҳар ҳокимликлари, молия бошқармаси, халқ қабулхонаси вилоят бўлими каби ташкилотларнинг бинолари ҳамда марказий ўйингоҳнинг жойлашганлиги шу ҳудудда ўзига яраша муаммоларни келтириб чиқараётган эди.

Ушбу маъмурий марказга ташриф буюрадиган вилоятнинг барча туманларидаги аҳоли шаҳарнинг Шимолий қисмидан Жанубий қисмига ўтишда фақат Ислом Каримов кўчаси орқали келар эди. Бу эса ноқулайликлар ва транспорт ҳаракатида тирбандликларни ҳосил қиларди. Шу боис ҳам «Боқий Бухоро» лойиҳасини шаҳар марказига қуриш орқали бу каби муаммоларга ечим топишга қарор қилинди.

бухоро вилояти, бухоро туристик маркази

Бухоро вилояти бош архитектори Зуҳриддин Муҳиддинов. Фото: «Газета.uz».

— Бу ерда фаолият юритган маъмурий биноларнинг, стадион ва хотира майдонининг кейинги тақдири нима бўлади?

— Маъмурий биноларнинг бир қисми ҳозирги пайтда қурилиши давом этаётган «Бухоро сити»га кўчирилиши белгиланди. Вилоят ва шаҳар ҳокимликлари ҳамда вилоят прокуратураси биноларини ўша ерга жойлаштириш бўйича лойиҳа ишлаб чиқилди.

Ислом Каримов кўчаси ёқасида 5 гектар майдондан иборат сайилгоҳ мавжуд. Ҳозирги кунда хотира майдонини ўша ҳудудда қуриш бўйича лойиҳа ишлаб чиқилмоқда. У ерда катта реконструкция ишлари амалга оширилгач, Мотамсаро она ҳайкали ҳам ўрнатилади. Мусиқа мактаби эса «Бухоро сити» мажмуаси ҳудудида мусиқа ва санъат мактаби сифатида қурилади. Лойиҳа ишлаб чиқилиб, бош режага киритилди.

— 2002 йилда 22 минг 700 томошабинга мўлжаллаб қурилган «Бухоро арена» спорт мажмуаси ва футбол стадиони ҳам бузилмоқда. Стадионни сақлаб қолса бўлмасмиди?

— Марказий ўйингоҳ ҳам ўзига яраша ноқулайликларни туғдирар эди. Қандайдир давлат тадбири ёки футбол мусобақаси ўтказилганда 2−3 та кўчалар ёпиларди ва бу ҳам транспорт ҳаракатида тирбандликларни келтириб чиқарарди. Бухоро шаҳрининг Жанубий қисмида 50 гектар майдонда «Янги Ўзбекистон боғи» массивини ташкил қиляпмиз. Ҳозирги кунда лойиҳа жараёни якунига етиб қолди. Ўша ҳудуднинг 18 гектар қисмида марказий ўйингоҳни жойлаштириш режалаштирилди ва бугунги кунда лойиҳа ишлари амалга ошириляпти.

— Вилоят ҳокимлиги биноси ҳам бузиладими ёки у сақлаб қолинадими? Маҳаллий ва халқаро архитекторлар жамоаси бинони сақлаб қолиш кераклигини айтмоқда. Бунга жавобингиз қандай?

— Биз бинони сақлаб қолиш бўйича ишлар олиб бордик. Лойиҳачилар ва туризм соҳасидаги экспертлар билан биргаликда бинонинг лойиҳавий ечими ўрганиб чиқилди. Бу эса янгидан қуриладиган ёки халқаро талабларга жавоб берадиган бренд меҳмонхоналар стандартлари талабларига жавоб бермаслиги хулоса қилинди. Шундан кейин бинонинг ўрнига янги замонавий меҳмонхона қурилиши ўзини иқтисодий жиҳатдан оқлаши тўғрисида хулосага келинди.

— Ҳокимлик ЮНЕСКО хулосасини олгандан кейингина якуний қарор қабул қилиб, бузилиш ва қурилиш ишларини бошлашини билдирган эди. Аммо шаҳар ҳокимлиги, мусиқа мактаби ва стадионни бузиш ишлари қизғин давом этмоқда. ЮНЕСКО билан келишилиб, уларнинг хулосаси олиндими?

— Бугунги кунда ЮНЕСКО экспертлари ташриф буюрган ва улар билан биргаликда лойиҳа ечимлари бўйича келишиш ишлари олиб борилмоқда.

— Бинолар бузиладиган ҳудуддаги дарахтлар тақдири нима бўлади? Ўзи жами қанча дарахт мавжуд?

— Юқорида айтиб ўтганимдек, лойиҳа консепцияси бўйича умумий ҳудуд 33 гектарга яқинни ташкил этади. Шундан 7 гектарига бинолар қурилади, қолган қисми эса яшил ҳудудлар, гулзорлар, йўлаклар ва спорт майдонларидан иборат бўлади. Лойиҳа сметасига кўра, кўкаламзорлаштириш ишлари учун 3 млн доллар маблағ ажратилган.

— «Боқий Бухоро» парки лойиҳасида қандай объектлар қуриш режалаштирилган? Шу ҳақда ҳам маълумот берсангиз?

— Мажмуа лойиҳасига кўра, чет эллик меҳмонлар, маҳаллий ва хорижлик сайёҳлар учун қулай шароитлар яратиш мақсадида кўплаб объектлар қурилади. Масалан, 4 та беш юлдузли халқаро бренд меҳмонхоналар, сайилгоҳлар, спорт майдонлари, очиқ ва ёпиқ ресторанлар бунёд этилади. Ҳар йили Бухоро шаҳрида «Ипак ва зираворлар», «Заргарлик ва зардўзлик» ўнга яқин халқаро фестиваллар ва анжуманлар ташкил этилади. Бу каби йирик тадбирларни ўтказиш учун битта катта бино қуриш ҳам режалаштирилган.

«Боқий Бухоро» парки лойиҳасига оид суратлар

Шунингдек, мажмуа марказида Эски шаҳар қиёфасига мос равишда Лаби ҳовуз мажмуаси андоза қилиб олинди, яъни катта бир ҳовуз ва унинг атрофида ҳунармандлар расталари, устахоналар, кафелар, дўконлар қурилади.

— Масъуллар томонидан «Боқий Бухоро» сайёҳлик маркази асосан туристларни жалб қилиш мақсадида қурилаётгани айтилмоқда. Аммо жамоатчилик «хорижлик туристларни сунъий макетли парк ё шаҳарчалар эмас, тарихий ва табиий бинолар қизиқтиради, жалб қилади», деган фикрлар ҳам билдирилмоқда. Сизнинг бу фикрларга муносабатингиз қандай?

— Мажмуанинг қурилиши асосан, туристлар учун мўлжалланган эмас. Бу маҳаллий аҳолининг яхши шароитларда яшаши учун ва уларга имконият яратиш мақсадида қилиняпти. Шаҳарга ташриф буюрадиган маҳаллий сайёҳларга қулайликлар яратиш ва тирбандликларга барҳам беришни режалаштирганмиз. Мазкур парк айнан хорижлик туристлар учун мўлжалланган мажмуа сифатида бунёд этилмаяпти.

Миролим Исажонов суҳбатлашди.