5 март куни Қўқон (Фарғона вилояти), Зарафшон (Навоий), Термиз (Сурхондарё), Янгибозор (Хоразм) ва Бўстон (Қорақалпоғистон Республикаси) шаҳарларида «Болалар ва ёшларга дўстона маҳаллий бошқарув» (БЙДМБ) ташаббуси асосида лойиҳа натижалари тақдимоти бўлиб ўтди.

Швейцария тараққиёт ва ҳамкорлик агентлиги, Швейцариянинг Ўзбекистондаги элчихонаси томонидан молиялаштирилган ва ЮНИCЕФ томонидан қўллаб-қувватланган ушбу инновацион ташаббус Фарғона, Навоий, Сурхондарё, Хоразм вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида «Юксалиш» ҳаракати ва Ёшлар ишлари агентлиги билан ҳамкорликда синовдан ўтказилди ва амалга оширилди.

Бу ташаббус маҳаллий ҳокимият органларининг болалар ва ёшлар манфаатларини изчил таъминловчи қарорлар қабул қилишини таъминлашга қаратилган. Ҳокимият вакиллари, қизлар ва ўғил болалар, ёш аёллар ва эркаклар болалар ва ёшлар ҳуқуқлари ҳурмат қилинадиган соғлом, ғамхўр, хавфсиз, ўрганиш имкониятлари бўлган, рағбатлантирадиган, камситишлардан ҳоли ва инклюзив муҳитларни яратиш учун биргаликда ҳаракат қилди.

«Ўзбекистонда ёш авлоднинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланган. Республиканинг 5 та шаҳри ушбу Ташаббус доирасида болалар ва ёшларнинг фаровонлиги билан боғлиқ қарорлар қабул қилиш жараёнларида уларнинг бевосита иштирок этишига тизимли ёндашишди. Маҳаллий ҳокимликлар ва ёшлар ўртасидаги ҳамкорликнинг самарали механизми пайдо бўлди. Бу механизмни келгусида бошқа шаҳарларда ҳам қўллаш мумкин», — деди «Юксалиш» ҳаракати раиси Бобур Бекмуродов.

болалар ва ёшлар, юнисеф

2022−2023 йиллар давомида маҳаллий ҳокимият органлари болалар ва ёшларнинг, айниқса, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларининг эҳтиёжларини қондиришга йўналтирилган дастурларни режалаштиришда миллий ва халқаро экспертлардан техник ёрдам олди. Шаҳарларда Ёшлар маслаҳат кенгашлари ташкил этилган бўлиб, улар 10000 дан ортиқ болалар ва ёшлар билан онлайн платформалар ва юзма-юз учрашувлар орқали маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан маслаҳатлашувлар ўтказишга кўмаклашдилар.

Ёшларнинг шахсий муаммоларини ҳал этишдан кўра, шаҳарлардаги барча болалар ва ёшларни қамраб олувчи ижтимоий муаммоларни муҳокама қилиш мақсадида «Ҳоким ва ёшлар» учрашувларининг муқобил формати қўлланилди.

Якуний тадбир ўтган икки йил давомида эришилган ютуқлар, илғор тажрибаларни тақдим этиш ва сабоқларни муҳокама қилиш учун платформа бўлди. Шу тариқа, вилоятлардаги ҳокимият вакиллари ва ёшлар йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, ёшларни экологик муаммоларни ҳал этиш ва келажакнинг IT-касбларига жалб қилиш бўйича ўз тажрибалари билан ўртоқлашдилар. Ногиронлиги бўлган болаларнинг келгусида бандлигини таъминлаш учун зарур бўлган кўникмаларни эгаллаш имкониятларини кенгайтириш, қиз ва ўғил болаларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиши учун шароит яратишга қаратилган чора-тадбирларда тўғрисида сўз юритилди.

болалар ва ёшлар, юнисеф

«Ушбу ташаббус ажойиб натижалар берди. Масалан, экологияни сақлаш, болаларнинг дам олиши ва таълим олиши учун шароитларни яхшилаш чора-тадбирларига ёшлар ҳисса қўшдилар. Улар ногиронлиги бўлган ёшларнинг ижтимоий хизматлардан фойдаланиш ва шароитларни яхшилаш масалаларини илгари сурдилар.Ташаббуснинг асосий ютуғи шундаки, маҳаллий ҳукумат болалар ва ёшларнинг фикрларини эътиборга олди ва улар билан ҳамкорликда ўз шаҳарларида ёшларнинг эҳтиёжларини қондириш учун ўзгаришларни амалга оширди», — деди ЮНИCЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари вазифасини бажарувчи Жоффри Ижумба.