Unays Building МЧЖга фойдаланиш ҳуқуқи билан бериб юборилган Фарғона шаҳридаги собиқ «Ёшлар кўли» Спорт вазирлигига қайтарилади. Бу ҳақда Давлат активларини бошқариш агентлиги хабар берди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ шаҳар марказидаги сунъий кўл кўп қаватли турар-жой, меҳмонхона, ресторан ва савдо мажмуаси қуриш учун қурилиш фирмасига бериб юборилгани маълум бўлганди. Бунда вилоят ҳокими Хайрулла Бозоров президент қарорига нотўғри ишора қилган. Ер топширилган компания эса қарор чиқишидан 24 кун олдин рўйхатдан ўтгани аниқланган.

Таъкидланишича, «Ёшлар кўли» бино-иншоотлари Unays building МЧЖга инвестициявий ва ижтимоий лойиҳаларни амалга ошириш учун фойдаланиш ҳуқуқи билан берилган, яъни сотилмаган.

Ушбу объект 2020 йил 30 декабрида вилоят ҳокими қарорига асосан Спорт вазирлиги томонидан Фарғона шаҳри ҳокимлиги балансига ўтказиб берилган.

Бироқ ҳокимлик томонидан объектга нисбатан кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилмаган ва «Давлат мулкини бошқариш тўғрисида»ги қонун талаблари бажарилмаган, дейилади хабарда.

Хусусан, давлат кўчмас мулк объектларини, идоравий мансублигидан қатъи назар, оператив бошқарув ҳуқуқи асосида бир давлат муассасаси ёки давлат унитар корхонасидан бошқа давлат муассасаси ёки давлат унитар корхонасига ўтказиш тўғрисидаги қарор Давактив агентлиги томонидан қабул қилиниши белгиланган.

Шунга кўра, амалдаги қонунчилик билан белгиланган тартиблар бузилгани муносабати билан агентлик томонидан Спорт вазирлигига объектни Спорт мактаби балансига қайтариб олиш тўғрисида, шунингдек, вилоят ҳокимлигига тегишли қарорни бекор қилиш бўйича кўрсатмалар юборилган.

«Давактив агентлиги томонидан ушбу давлат мулки объектини тегишли Спорт мактаби балансига қайтариш масаласи қатъий назоратга олинишини маълум қиламиз», — дейилади хабарда.