Ўзбекистон Жаҳон банкининг «Аёллар, бизнес ва қонун 2024» индексида бешта энг илғор ўзгаришларни амалга оширган давлатлар қаторига кирди. Бу ҳақда 4 март куни Жаҳон банки ўзининг «Аёллар, бизнес ва қонун» йиллик ҳисоботини эълон қилди.

Унда ҳуқуқий соҳада гендер тенгликка эришиш йўлидаги жаҳон тараққиёти баҳоланади. Ҳужжат 190 та давлатда, жумладан, Ўзбекистонда аёлларнинг аҳволини 10 та кўрсаткич: «хавфсизлик», «ҳаракатланиш эркинлиги», «бандлик», «меҳнатга ҳақ тўлаш», «никоҳ», «ота-оналик», «болаларни парваришлаш», «тадбиркорлик», «мулкни бошқариш» ва»пенсия таъминоти" бўйича баҳоловчи индексни ўз ичига олади.

«Аёллар, бизнес ва қонун» ҳисоботининг охирги нашри 2022 йил 1 октябрдан 2023 йил 1 октябргача бўлган даврда мамлакатлар қонунчилигидаги тегишли ўзгаришларни баҳолайди. Бу даврда дунёдаги атиги 18 та давлат ёки индексда баҳоланган давлатларнинг 10 фоизидан камроғи юқоридаги кўрсаткичлар доирасида аёлларнинг мавқеини яхшилаган ҳуқуқий ислоҳотларни амалга оширди.

Умуман олганда, ушбу 18 та мамлакат гендер тенглигига эришишга қаратилган 47 та ислоҳотларни амалга оширди. Хусусан, Европа ва Марказий Осиё минтақасидаги бешта мамлакат, жумладан Ўзбекистон, Арманистон, Озарбайжон, Кипр ва Молдовада тўққизта шундай ислоҳот амалга оширилди.

Унда Ўзбекистон Иордания, Малайзия, Серра-Леоне ва Того билан биргаликда энг катта муваффақиятга эришган беш давлат қаторидан жой олди. 2022 йил октябрь ойидан буён мамлакатда хотин-қизларнинг мавқеини оширишга қаратилган тўртта муҳим ҳуқуқий ислоҳотлар амалга оширилди, дейилади ҳисоботда.

Ушбу ислоҳотлар, хусусан иккита асосий кўрсаткич — «меҳнатга ҳақ тўлаш» ва ;»никоҳ" доирасида мамлакатнинг рейтингдаги ўрнини яхшилашга ижобий таъсир кўрсатди. Бу Ўзбекистон рейтингининг 11,9 пунктга кўтарилишига олиб келди ва мамлакат «Аёллар, бизнес ва қонун 2024» индексида максимал 100 баллдан 82,5 балл тўплаган. Ўзбекистон Сингапур, Туркия ва Бирлашган Араб Амирликлари билан бир хил балл тўплади, шунингдек Марказий Осиёда энг яхши натижаларни кўрсатди.

Хусусан, Ўзбекистонда аёлларга эркаклар билан бир хил қийматдаги меҳнат учун тенг ҳақ тўлашни кафолатловчи меъёрий ҳужжатлар қабул қилинди. Шунингдек, айрим соҳаларда аёллар меҳнатидан фойдаланишга қўйилган чекловлар бекор қилинди. 2022 йил октябрь ойида меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги халқаро стандартлар ва конвенцияларга мос келадиган ушбу қоидаларни ўз ичига олган янги Меҳнат кодекси қабул қилинди.

Бундан ташқари, Ўзбекистонда аёлларни оиладаги зўравонликдан ҳимоя қилувчи меъёрий ҳужжатлар қабул қилинди. 2023 йил апрель ойида Жиноят кодекси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга оиладаги зўравонликка, жумладан, оилавий муносабатлардаги жисмоний, руҳий ва иқтисодий зўравонликка қарши курашиш бўйича ўзгартиришлар киритилди. Шунингдек ушбу турдаги жиноятлар учун жиноий жавобгарлик белгиланган.

«Жаҳон банки „Аёллар, бизнес ва қонун“ ҳисоботининг охирги нашрида таъкидланган Ўзбекистоннинг гендер тенгликни таъминлаш борасида эришган ютуқларини олқишлайди. Яқинда амалга оширилган ҳуқуқий ислоҳотлар аёлларнинг фуқаролик, меҳнат ва иқтисодий ҳуқуқларини сезиларли даражада кенгайтирди», — деди Жаҳон банкининг Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Татяна Проскурякова.

Жаҳон банки ҳукуматга зарур таҳлилий ва молиявий кўмак кўрсатиш орқали «Аёллар, бизнес ва қонун 2024» ҳисоботида таъкидланган Ўзбекистондаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлади. Бу Банк томонидан турли ижтимоий-иқтисодий соҳалардаги муҳим ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш мақсадида 2021- ва 2023 йилларда амалга оширилган мамлакатда ривожланиш сиёсатини қўллаб-қувватлаш бўйича операцияларни ўз ичига олади.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йилнинг август ойида Жаҳон банки иқтисодчиси аёллар ва эркаклар маоши бўйича тадқиқоти доирасида Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистонда тажриба ўтказди. Тадқиқот хулосасида маош тўлашда жинслар ўртасидаги фарқ сақланиб қолаётганига асосан аёлларга нисбатан шаклланган стереотиплар сабабчи экани айтилганди.