Жаҳон банкининг Марказий Осиё бўйича катта иқтисодчиси Уильям Зейтц Ўзбекистон, Қирғизистон ва Қозоғистонда маош тўлашдаги жинсий дискриминация бўйича тадқиқот ўтказди. Бу ҳақда Коммерсанть хабар берди.

Унга кўра, иш ҳақи тўлашда гендер бўйича фарқ сақланиб қолаётгани асосан аёлларга нисбатан шаклланган стереотиплар билан боғлиқ. Жаҳон банки вакилининг қайд этишича, «тенг иш учун тенг ҳақ тўлаш»ни белгиловчи ҳуқуқий нормаларнинг қабул қилиниши эркаклар ва аёллар ўртасидаги иш ҳақи фарқи муаммосини фақат қисман ҳал қилади ва стереотипларга қарши курашмасдан, ривожланаётган мамлакатлардаги тафовутни бартараф этишнинг иложи бўлмайди.

Ҳар йили Халқаро Меҳнат Ташкилоти (ХМТ) дунёнинг аксарият мамлакатларида эркакларнинг иш ҳақи ҳали ҳам аёллар маошидан юқори экани ҳақида баёнот беради. 2022 йилда ташкилот глобал ўртача иш ҳақи фарқини 20 фоиз деб баҳолади. Тафовут сақланиб қолишининг асосий сабаблари ҳам бир неча бор келтирилган. Улар орасида таълим олишдаги тенгсизлик, профессионал сегрегация ва «оилавий» омиллар бор (фарзанд туғиш ва оналик).

Уильям Зейтцнинг тадқиқоти стереотиплар иш ҳақи бўйича жинсий дискриминацияга сезиларли ҳисса қўшишини кўрсатади.

Иқтисодчи ўз тадқиқоти доирасида учта ривожланаётган давлатда: Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистонда тажриба ўтказди. Зейтц мазкур мамлакатлар статистикасига таянган ҳолда уларда эркаклар ва аёлларнинг иш ҳақи ўртасидаги фарқ жаҳон бўйича ўртача кўрсаткичдан юқори эканини қайд этади.

Қозоғистонда эркаклар ва аёллар иш ҳақи ўртасидаги фарқ 22 фоизни, Қирғизистонда 25 фоизни, Ўзбекистонда эса 39 фоизни ташкил этади. Бу давлатларда аёлларнинг таълим олишида жиддий муаммолар йўқлиги сабабли бундай статистик маълумотлар тадқиқотчига «ғайритабиий» кўринган.

Тажриба давомида 4500 респондентга 8 нафар ходимнинг (дўкон сотувчиси, фермер хўжалиги ишчиси, администратор, муҳандис-дастурчи, менежер, шифокор, такси ҳайдовчиси ва мактаб ўқитувчисининг) ёши, жинси ва маоши бўйича тасодифий шакллантирилган «таърифлари» ўқиб берилган.

Ҳар бир «ҳикоя» ўқиб берилгандан кейин респондентлардан ишчига қанчалик адолатли ҳақ тўланаётганини баҳолаш сўралган. Аёллар ҳақида гап кетганда, 7 фоиз кўпроқ ҳолатда респондентлар худди шу позициядаги эркакларга қараганда маошларни «адолатли» деб баҳолаган. Шунингдек, 8 фоиз кўпроқ ҳолатда «сал ортиқча маош тўланмоқда» деб ҳисоблашган бўлса, 13 фоиз кўпроқ ҳолатда «сезиларли даражада ортиқча маош тўланмоқда» деб қайд этишган. Эркаклар ҳақида сўралганда эса, респондентлар 34 фоиз кўпроқ ҳолатда «сезиларли даражада кам ҳақ тўланаётгани» таъкидланган.

«Натижалар аёллар меҳнатининг қадр-қимматида юзасидан аниқ ва тизимли тарафкашлик мавжудлигини кўрсатади», деб таъкидлайди Уильям Зейтц.

Қайд этиш жоизки, тадқиқот натижаларини шарҳлаш респондентларга айтилган ҳикоялар мазмуни билан чекланган. Ишчиларнинг «тавсифлари» тўлиқ эмас эди, бу респондентларга уларни мустақил равишда изоҳлаш имконини берди — охир-оқибат аёллар меҳнатининг қийматини аниқ нима пасайтирганини аниқлашга имкон бермади: унинг туғруқ ёки ота-она таътилларига чиқиши ёхуд унинг таълим даражаси етарлича юқори эмаслиги ҳақидаги тахминлар. Жаҳон банкидан эътироф этилишича, тадқиқот «нақшни» очиб беради, лекин унинг табиатини эмас.

Уильям Зейтц Қирғизистон ва Қозоғистонда «тенг иш учун тенг ҳақ тўлаш» нормаси қонунда мустаҳкамланмагани, Ўзбекистонда эса бу норма 2022 йил охиридагина Меҳнат кодексига киритилганини таъкидлаган. Тадқиқотчи гарчи ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш тенг иш ҳақи учун курашнинг муҳим таркибий қисми бўлса-да, меҳнат бозорида гендер тенглигининг улкан мақсадларига эришиш учун етарли эмаслигини қайд этган.

Жаҳон банкининг қайд этишича, баҳолаш давомида одамлар кўпинча бошқа омиллардан эмас, балки аёллар меҳнатининг қадр-қиммати ҳақидаги ўзининг фаразларидан келиб чиқади. Ташкилот стереотиплар қандай бўлишидан қатъи назар, уларга қарши курашишнинг энг самарали усули ташвиқот фаолияти эканини таъкидлаган.