Тошкентнинг Шота Руставели кўчасидаги 22-сонли турар-жой биноси бузилиши мумкинлиги ҳақидаги гап-сўзлар яна муҳокамаларга сабаб бўлди.

1956 йилда қурилган «сталинка» қайсидир бир қурувчининг «манфаатлар зонаси»га тушиб қолганлиги тўғрисида дастлабки хабарлар ўтган йилнинг октябрида тарқалган эди. Facebook’даги «Ташкент-Снос» ҳамжамиятида эълон қилинган постларга қолдирилган изоҳларда ўзини шу уйда яшовчи аҳоли вакили деб таништирган тармоқ фойдаланувчиси — Асқар Заитов уй ҳовлисида «қурилиш патрули» — «спорт билан шуғулланган, соқолли йигитлар» пайдо бўлгани ҳақида ёзган эди.

«Улар бу қурилишга қаршилик кўрсатаётганларга нисбатан айниқса фаол партизанлик урушини олиб боряпти. Турар жой мулкдорларини бир-бирига қарама-қарши қайраяпти», — деб ёзган у.

маданий мерос, снос, шота руставели

Заитовнинг сўзларини ушбу «сталинка» қурилишида қатнашган қурувчилардан бирининг невараси Лилия Шестер ҳам тасдиқлаган.

«Улар ҳар куни қўшниларнинг йўлини пойлаб ўтиради, [уларни ўз уйларни] сотишга мажбур қилишга уринади. Булардан аллақачон чарчадик… Яккасарой тумани ҳокимлигига ҳам ёзиб кўрдим, ҳозирча жавоб йўқ. Ҳовлимизда асосан кексалар яшайди, уларни жойидан қўзғатиш мумкин эмас. Улар ҳозир на кўчишни, на таъмирлашни кўтара олади», — деб ёзади аёл.

Аҳолининг сўзларига кўра, 2023 йил октябрь ҳолатига қурувчи 12 та хонадондан 3 тасини сотиб олган, 4 тасининг эгалари эса уйнинг сотилиши ва бузилишига мутлақо қарши.

маданий мерос, снос, шота руставели

Бугун тўрт қаватли уйда иккита оила қолган бўлиб, улар «қурувчи билан музокаралар босқичи» мақомида яшаб келмоқда.

«Бу улар билан музокарага тайёрлигимизни англатмайди, шунчаки бизда бошқа танлов йўқ. Кириш йўлаги (подъезд)мизни бузиш аллақачон бошлаб юборилган, ромлар ечиб олиняпти. Аҳвол шу даражадаки, бу уйда қолишнинг ўзи ноқулай», — дейди шахси сир сақланишини истаган аҳоли вакилларидан бири «Газета.uz» мухбири билан суҳбатда.

Суҳбатдош ким билан музокара олиб боришга тўғри келаётганидан ҳам бехабар — у на қурувчи компаниянинг номини, на уй ҳовлисида хонадонларни сотиб олиш таклифи билан пайдо бўлган одамларнинг исмларини билади.

«Улар бизга ўзини таништирмади, ҳеч қандай ҳужжат тақдим этмади — бундай қилишга мажбур эмасликларини айтишди. Ҳар сафар ҳар хил одамлар келди. Ўзимизга ва уй бошқарувчиси в.б.га мурожаат қилишди, чунки унинг ҳам ўз манфаатлари бор. Бошқаларнинг очкўзлиги туфайли шундай аҳволга тушиб қолдик», — дейди аёл.

маданий мерос, снос, шота руставели

Унинг сўзларига кўра, «сталинка»нинг авария ҳолатида эканини тасдиқловчи ҳужжатлар йўқ. Яшаш жойининг ҳозирги ҳолати аёлни қониқтиради.

Уй ҳатто таъмирлашга ҳам муҳтож эмаслиги ҳақида Лилия Шестер ҳам таъкидлаган: «Уйни авария ҳолатида деб тан олинган, дейишяпти, лекин бундай бўлиши мумкин эмас! Уй 1966 йилги зилзилага бардош берган ва ҳатто ҳеч қандай ёриқ пайдо бўлмаган. [Бугунги кун ҳолатига] барча қувурлар алмаштирилган, деворлари ярим метр қалинликда, томи янги, кириш йўлагидаги деразалар яқинда алмаштирилган».

маданий мерос, снос, шота руставели

«Газета.uz» суҳбатлашган аёлнинг фикрича, агар уй аҳолиси кўчириб юборилмаганида, уни сақлаб қолиш мумкин бўларди. Эгалари уйнинг бузилишини ёқлаб чиққан дастлабки иккита хонадон сотилганидан сўнг, бошқа хонадонлардаги аҳолини ҳам кўчириш бошланди.

«[Қурувчи компания вакиллари] аввалига жамоавий тарзда берилган рад жавобини олгач, тактика ўзгарди. Эски қўшниларидан бошлаб ҳамма билан алоҳида гаплаша бошлашди. Кимнидир кўндиришди, ким биландир келишишди, шундай қилиб, ҳаммаси сотилиб кетди», — дейди аёл.

Суҳбатдош уй қачон бузилиши мумкинлиги ҳақида ҳеч нарса билмайди. Унинг фикрича, бунинг учун қурувчига рухсат берилмаган — «агар [бунга рухсати] бўлганида, аллақачон бурнимиз тагига олиб келиб кўрсатган бўлишарди».

«Биз уйда яшашда давом этар эканмиз, уни қандай қилиб бузишлари мумкин?» — сўрайди аёл.

Аёлнинг сўзларига кўра, биринчи қаватдаги нотурар-жойни тез орада «ЧайКоф» қаҳвахонаси филиали бўшатади. У нисбатан яқинда — 2019 йил август ойида очилган. «Газета.uz» мухбири «ЧайКоф» қаҳвахоналар тармоғининг бошқарувчи ҳамкори Алина Цимерманга мурожаат қилди. У кўчиш ҳақидаги маълумотга изоҳ бермади ва қурувчи ким бўлиши мумкинлиги ҳақидаги саволга жавобан компания номини билмаслигини маълум қилди.

маданий мерос, снос, шота руставели

«Газета.uz» мазкур иш юзасидан изоҳ олиш мақсадида туман ва пойтахт ҳокимликларига мурожаат қилди, бироқ ҳар иккала ташкилот ҳам қурувчи ҳақида маълумотга эга эмаслигини билдирди.

Ўтган йилнинг октябрида, мазкур «сталинка»нинг бузилиши ҳақидаги хабарларнинг биринчи тўлқинидан сўнг, Яккасарой ҳокимлиги матбуот хизмати ҳокимлик «юқорида кўрсатилган манзилдаги уйнинг бузилишига тааллуқли қандайдир ҳужжат» мавжудлигидан бехабар эканлигини маълум қилганди. Худди шу жумла бир кун олдин — бузилиш бўйича эътирозлар тўлқини қайта кўтарилганидан сўнг — эълон қилинган расмий хабарда ҳам мавжуд.

Яккасарой тумани қурилиш бўлимининг «жойига чиқиб ўрганиш» ўтказган ходимлари берган маълумотларга таяниб, ҳокимлик Шота Руставели кўчаси 22-уй манзилида «ҳеч қандай бузиш ишлари олиб борилмаяпти», дея таъкидлади.

Хабарда Тошкент шаҳар ҳокимлигининг уйни бузиш ва янги бино қуриш тўғрисидаги қарори қабул қилинмагани, уйни бузиш ва реконструкция қилиш бўйича лойиҳа-смета ҳужжатлари тасдиқланмагани кўрсатилган. Қўшимчасига, уй «Маданий мерос агентлигининг [моддий маданий мерос объектлари] рўйхатига киритилмаганлиги» айтилади.

маданий мерос, снос, шота руставели

Шаҳар ҳокимлиги «Газета.uz» мухбирига 22-уйнинг бузилиши ва қурувчи ким эканлиги юзасидан улар ҳеч қандай маълумотга эга эмаслигини маълум қилди.

«Тошкент [шаҳар] ҳокимлигининг бу уйга ҳеч қандай алоқаси йўқ», — деб жавоб берди матбуот хизмати ва аниқлик киритиш мақсадида шаҳар ҳокимлиги бу масаладан фақат янги объектнинг паспортини тасдиқлаш босқичида хабардор бўлишини маълум қилди. Бу бузишдан олдин ҳам, кейин ҳам содир бўлиши мумкин.

«Ҳокимлик ҳозирда кечаётган жараёнга — хусусий ёки юридик шахснинг фуқаролардан кўчмас мулк сотиб олишига — аралаша олмайди», — дейилади матбуот хизмати хабарида.

маданий мерос, снос, шота руставели

«Газета.uz»нинг шаҳар ҳокимлигидаги манбаси хабар беришича, барча хонадонларни сотиб олган мулкдорлар «Ягона дарча»га мулк шаклини ўзгартириш ёки кўчмас мулкни қайта қуриш бўйича ариза беришади. Шундан кейин янги бинонинг лойиҳасини тасдиқлаш жараёни бошланади. Йирик объектни бузиш тартиби, турар-жой биноси каби, қурилиш меъёрларида белгиланган.

Моддий маданий мерос объектларини аниқлаш асосий вазифалари бири ҳисобланган Маданий мерос агентлиги «Газета.uz» сўровига жавобан Шота Руставели кўчасидаги 22-уй Моддий маданий мерос объектлари Давлат рўйхатига киритилмагани ҳақидаги хабар билан кифояланди. Агентлик «сталинка»нинг бузилиши билан боғлиқ вазиятга ҳеч қандай расмий изоҳ бермади.

маданий мерос, снос, шота руставели

Оққўрғон, Бобур, Навоий ва Шота Руставели кўчалари бўйлаб жойлашган тарихий биноларнинг тўлиқ ансамблларини Ўзбекистоннинг Маданий мероси давлат реестрига киритишни сўраб мамлакат меъморий меросини асраб-авайлаш бўйича ташаббус гуруҳи масъул мутасаддиларга мурожаат қилган.

2020 йилда Ўзбекистон бош вазирининг ўша пайтдаги ўринбосари, ЮНЕСКО Миллий комиссияси раиси Азиз Абдуҳакимов номига йўлланган жамоавий мурожаат 25 нафар маданият арбоби ва жамоатчилик фаоллари томонидан имзоланган эди. Хатда реестрга киритиш таклиф қилинаётган республика аҳамиятига молик обидалар, тарихий кўчалардаги бинолар ва ансамбллар рўйхати (58 пункт) санаб ўтилган.

Мурожаат нусхалари қурилиш вазири Ботир Зокиров, ўша пайтдаги маданият вазири ўринбосари Қамола Оқилова ва Тошкент шаҳри ҳокими ўринбосари Даврон Ҳидоятовга йўлланган. Ҳеч бир давлат органи ушбу мурожаатга жавоб бермаган.