Қозоғистонда 4 март куни тушдан кейин 6,1 магнитудали зилзила содир бўлди, дея хабар бермоқда мамлакат Фавқулодда вазиятлар вазирлиги.

Вазирлик маълумотларига кўра, ер силкиниши маҳаллий вақт билан 11:22 да қайд этилди. Зилзила эпицентри Олмаотадан 31 км жанубда жойлашган. Шаҳардаги силкинишлар кучи 5 баллни ташкил қилди. Ҳозирча қурбонлар ҳақида маълумот йўқ.

Олмаотадаги зилзиладан сўнг дарҳол огоҳлантириш тизимлари ишлаб кетди. Фуқаролар «шок ва хавотир ҳолатида» кўчага югуришди, дея ёзмоқда Tengrinews.kz. Кўпчилик зилзилалар такрорланиши ёки ҳалокатлардан қўрқиб, ташқарига чиқиб турди.

Олмаота метроси ходимлари туннелларни ўрганиб чиқиши учун фаолиятини тўхтатди. Барча мактаб ва коллежларнинг иккинчи сменадаги дарслари бекор қилинди. Шаҳар полицияси кучайтирилган иш тартибига ўтказилди.

Олмаота ҳокимлиги маълумотларига кўра, қабул пунктларига 1132 киши мурожаат қилди. Шаҳарда жами 384 та қабул пунктлари ишга туширилди.

Шунингдек, ҳокимлик шаҳарда биноларга жиддий зарар етказилмагани ҳақида хабар берди. Маҳаллий ОАВ томонидан эълон қилинган видеоларда деворлардаги ёриқлар ва баъзи биноларда ойналар синганини кўриш мумкин.

Шаҳар фавқулодда вазиятлар департаменти афтершоклар хавфи сақланиб қолаётгани ҳақида огоҳлантирди ва аҳолидан қабул пунктларида қолишларини сўради.

Маълумот учун, бу сўнгги икки ой ичида Олмаотада содир бўлган иккинчи кучли зилзиладир. Январь ойи охирида шаҳарда 5 магнитудали зилзилалар қайд этилганди, зилзила эпицентри Қирғизистон ва Хитой чегарасида бўлган.