Президент Шавкат Мирзиёев 1 март куни Хоразм вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор вазифалари юзасидан ўтказилган йиғилишда сайёҳларга бир йил давомида чекловсиз Хоразмга кириш учун «Ўзбекистон — менинг иккинчи уйим» виза тизими жорий қилинишини айтди.

Шунингдек, вилоятда туризмни ривожлантириш бўйича 3 йиллик дастур қабул қилинади. Туризмни қўллаб-қувватлаш жамғармасининг тушуми 3 йил давомида Хоразмни ўзида қолдирилади.

Президент вилоятнинг қатор туманларида меҳмонхоналар етишмаслигини қайд этди. Меҳмонхона ва дам олиш масканларини қуриш, мавжуд ўринларни кўпайтириш учун 7 йилга 2 йил имтиёзли давр билан 18 фоиз ставкада кредитлар берилади.

Бундан ташқари, Шавкат Мирзиёев Урганч шаҳрида «Лазги» ва «Авесто» музейларини ташкил қилишни таклиф қилди.

Хоразмда туризмни ривожлантириш учун яна бир имконият хорижий сайёҳлар Хоразм таомларини севиб истеъмол қилиши экани айтилди.

«Лекин бу таомларни на мамлакат ичида, на четда кўрсатиш учун ҳаракат, тарғибот қилиняпти. Шу муносабат билан Хива шаҳрида 24 соат ишлайдиган ресторан, кафе ва овқат расталарини ишга тушириш муҳим», — деди Шавкат Мирзиёев.