Президент Шавкат Мирзиёев 29 февраль куни Хоразм вилоятида амалга оширилиши режалаштирилаётган инвестиция лойиҳалари тақдимоти билан танишди, деб хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Вилоятда чет эллик инвесторлар билан ҳамкорликда машинасозлик, шаҳарсозлик, кимё, тўқимачилик, қурилиш материаллари, тиббиёт, озиқ-овқат каби муҳим тармоқларда умумий қиймати 1,5 млрд долларлик ўнлаб лойиҳалар ишлаб чиқилган.

Тақдимотда шундан умумий қиймати 660 млн доллардан зиёд 18 та лойиҳа ҳақида ахборот берилган.

Хусусан, юк электромобиллари, аккумуляторлар учун никел сульфат, архитектура ойналари, шиша идишлар, қурилиш материаллари, лак-бўёқлар ва мато ишлаб чиқариш, меҳмонхона, шифохона, кўнгилочар масканлар ва йўллар қуриш, экотуризмни ва балиқчиликни ривожлантириш каби лойиҳалар ишлаб чиқилган.

Давлат раҳбари уларнинг ташаббускорлари бўлган чет эллик инвесторлар ва маҳаллий тадбиркорлар билан суҳбатлашган. Лойиҳаларнинг иқтисодий самарадорлиги ҳақида фикр алмашилиб, уларни жадаллаштириш, тадбиркорларга қўшимча шароит яратиш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берган.

Шавкат Мирзиёев Хоразм вилоятига ташрифининг биринчи куни якунида Энергетика вазирлиги, «Ўзкимёсаноат» АЖ ва йирик хорижий инвестиция компанияси раҳбарияти билан йиғилиш ўтказган. Президент матбуот хизмати компания номини келтирмаган.

Давлат раҳбари Хоразмда қиймати 10 миллиард доллардан зиёд йирик газ-кимё мажмуаси қурилишини маълум қилган. «Бу лойиҳа ишга тушса, 3 мингта иш ўрни яратилади, йилига 2,4 миллион тонна юқори қўшилган қийматли полимерлар ишлаб чиқарилади», — деди президент.