Хоразмда қиймати 10 миллиард доллардан зиёд йирик газ-кимё мажмуаси қурилади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев Хоразм вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор вазифалари юзасидан йиғилишда маълум қилди.

Лойиҳани барпо қилиш бўйича дунёнинг шу соҳада энг илғор компаниялари билан музокара бошлангани таъкидланди.

«Бу лойиҳа ишга тушса, 3 мингта иш ўрни яратилади, йилига 2,4 миллион тонна юқори қўшилган қийматли полимерлар ишлаб чиқарилади. Бу нафақат Хоразм учун, балки республикамиз саноатининг флагмани бўлади», — деди президент.

Шунингдек, бошқа вилоятлардаги каби Хоразмда ҳам кеча Франциянинг машҳур «Вольталиа» компанияси билан ҳамкорликда илк бор 100 мегаваттли қуёш электр станцияси қурилишига старт берилди.

Бундан ташқари, саноатни ривожлантириш жамғармасидан Хоразмга 100 миллион доллари ажратиладиган бўлди.

Урганч тумани «Чакка-шоликор» қишлоғида технопарк ташкил қилиш, йил якунигача электротехника, тўқимачилик ва қурилиш материаллари йўналишида 100 миллион долларлик лойиҳаларни ишга тушириш вазифаси қўйилди.

Бунга қўшимча ажратиладиган 25 миллион доллар ҳисобидан кичик ва ўрта саноат лойиҳаларига 1,5 миллиард сўмгача 18 фоиздан 7 йил муддатга кредитлар берилади.