Ўзбекистон Марказий банки 1 июлдан бошлаб аҳолига уй-жой ва автомобиль сотиб олиш учун кредитлар бериш талабларини кучайтиради, бу ҳақда регуляторнинг 28 февралдаги қарорида қайд этилган.

Ҳужжат билан Марказий банкнинг 2015 йилда қабул қилинган «Тижорат банклари капиталининг монандлигига қўйиладиган талаблар тўғрисида»ги низомига ўзгартиришлар киритилиб, банк ўз зиммасига олган таваккалчиликлар туфайли юзага келиши мумкин бўлган йўқотишларни қоплаши керак бўлган капитал талабларини белгилайди.

1 апрелдан бошлаб камида олти ой давомида ҳисобварақ (карта) бўйича доимий даромади ва айланмасига эга бўлган якка тартибдаги тадбиркор ёки кичик бизнес субъектларига бериладиган кредитларга 75 фоиз миқдорида кредит риски белгиланади. Оилавий тадбиркорлик дастури доирасида бериладиган имтиёзли кредитлар бундан мустасно.

1 июлдан бошлаб қарз юки кўрсатгичи (ҚЮК) 60 фоиздан паст бўлган жисмоний шахсларга берилган кредитлар бўйича кредит риски 100 фоизни ташкил этади. Агар ҚЮК юқорироқ бўлса, хавф даражаси 150 фоизгача оширилади.

Ўзгартиришлар ипотека кредитлари, автомашиналар сотиб олиш, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш ва таълим дастурлари учун бериладиган кредитларга таъсир қилмайди.

автокредит, ипотека кредити, кредит, марказий банк

Эндиликда автокредитлар ва ипотека кредитларини беришда таваккалчилик даражаси кредит ва гаров суммаларининг (гаров шартномаси бўйича автомобиль нархи) қарз юки кўрсаткичига нисбати асосида аниқланади.

Мисол учун, агар квартиранинг нархи шартли равишда 100 миллион сўм бўлса ва дастлабки тўлов 20 миллион сўм бўлса, қарз олувчи 80 миллион сўм ипотека кредитини олиши керак, бунда нисбати (LTV, loan-to-value — кредит суммасини гаров суммасига нисбатининг максимал чегараси) 80 фоиз бўлади.

Аҳолининг қарз юки ўртача кредит тўловларининг қарз олувчининг ўртача ойлик даромадига нисбати орқали ҳисобланади.

Натижада кредит/гаров нисбати ва қарз юки кўрсаткичи қанчалик юқори бўлса, кредит хавфи шунчалик юқори бўлади.

Регулятор автомобиль кредитлари учун кредит/гаров нисбатини 75 фоизгача чеклайди.

Автомобиль кредитларида энг паст хавф даражаси (100 фоизлик) қарздорлик даражаси 60 фоиздан паст бўлган ва LTV коэффициенти 75 фоиздан кам бўлган қарз олувчиларга берилади. Ушбу қийматлар ошгани сайин, кредит хавфи ҳам ортади.

Ипотека кредитлари учун кенгайтирилган кредит рискини баҳолаш шкаласи қўлланилади. Агар кредит/гаров нисбати 50 фоиздан кам бўлса ва қарз юки 60 фоиздан кам бўлса, хавф 35 фоизни ташкил қилади. Ушбу икки қийматнинг ошиши билан кредит хавфи ҳам ортади.

1 июлдан бошлаб қарз юки индикатори жорий этилиши муносабати билан аҳолига кредит бериш талаблари кучайтирилиши ҳақида аввалроқ ёзган эдик. Агар қарз олувчи ўз даромадининг 60 фоизини қарзни тўлаш учун ишлатса (баъзи истиснолар мавжуд) банклар кредит беришдан бош тортишлари керак. 2025 йил 1 январдан бошлаб бу кўрсаткич 50 фоизгача қисқартирилади.