1 июлдан бошлаб Ўзбекистонда банклар учун аҳолига кредит бериш бўйича талаблар кучайтирилади. Бу ҳақдаги қарорни 21 февраль куни Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратов имзолади.

Регулятор аҳолининг қарз юки кўрсаткичини жорий этади, у ўртача кредит тўловларининг қарз олувчининг ўртача ойлик даромадига нисбати орқали ҳисобланади.

Қарз юки кўрсаткичи — бу қарз олувчи ўртача ойлик даромадининг солиқлар чегириб ташланган, барча мавжуд кредитлари ва қарзлари бўйича шартнома тўловларини амалга ошириш учун зарур бўлган улуши ҳисобланади. Паст ҚЮК қиймати қарз олувчининг даромадлари ва харажатлари баланси мавжуд кредитлар бўйича тўловларни ўз вақтида тўлашга имкон беришини кўрсатади. Юқори даража эса ортиқча қарзни билдиради, яъни қарз олувчи ҳар ой даромадининг асосий қисмини қарзни тўлашга сарфлашга мажбур бўлади.

Ҳозирда Ўзбекистонда қарз юки талаби фақат микрокредитларга нисбатан қўлланади ва 50 фоизни ташкил этади. 2024 йил 1 июлдан бошлаб барча кредитларни (шу жумладан, микрокредитларни) беришда кредиторлар ўз мижозларининг қарз юки 60 фоиздан ошмаслигини таъминлашлари шарт. Яъни агар қарз олувчи ўз даромадининг 60 фоизини кредит тўлаш учун сарфлашига тўғри келса, банклар кредит беришдан бош тортади (2023 йилнинг биринчи ярим йиллиги охирига кўра, қарз олувчилар ўз даромадларининг ўртача 69 фоизини автокредитларни тўлашга, 46 фоизини ипотекага сарфлаган). 2025 йил 1 январдан бошлаб бу кўрсаткич 50 фоизгача қисқартирилади.

Шу билан бирга, қарз юки учун истиснолар бўлади. Хусусан, банк қарз олувчи кредит портфелининг 15 фоизигача бўлган миқдорида қарз юкини ҳисобга олмаган ҳолда кредит (микрокредит) бериш имкониятига эга бўлади. Марказий банкнинг Кредит ташкилотлари фаолиятини тартибга солиш методологияси бошқармаси бошлиғи Санжар Носировнинг тушунтиришича, ушбу истисно кредит олишни чеклашга қаратилмаган.

Қарз юкини барча кредитлар контекстида ҳисоблашни жорий этиш орқали регулятор аҳоли даромадларини легаллаштиришга эришиш, ўз даромадларини қонунийлаштирган қарз олувчиларни кредитлашни рағбатлантириш, норасмий даромадларни баҳолашни расмийлаштириш ва банкларни масъулиятли кредитлашга жалб этишни мақсад қилган.

Даромадни ҳисоблашда қуйидаги маълумотлар ҳисобга олинади:

  • иш ҳақи;
  • пенсия миқдори;
  • жамғарилган пенсия бадаллари;
  • банк ҳисобварақларига тушган даромадлар;
  • тўланган солиқлар;
  • фоизлар, дивидендлар, кўчмас мулкни ижарага беришдан олинган даромадлар;
  • қарз олувчининг охирги 6 ой ичида олган мунтазам даромади.

Тўловларни ҳисоблашда қуйидагилар ҳисобга олинади:

  • кредитнинг тўлиқ қиймати (микрокредит);
  • фоизлар;
  • шартномани тузиш вақтида маълум бўлган бошқа тўловлар.

Қарз олувчилар қарз олувчининг ўзи, биргаликда қарз олувчи ва кафил ҳисобланади. Бундан ташқари, агар кредит муддати 36 ойдан ошса, ўртача ойлик тўловларни ҳисоблашда 36 ойга бўлинган сумма белгиланади, ипотека кредитлари беришда эса 180 ой (олдинроқ эълон қилинган 120 ой ўрнига).

Марказий банк таклиф этилаётган чекловлар туфайли аҳолига кредит ажратиш секинлашишини кутмаётганини маълум қилди.

Санжар Носиров таъкидлаганди: «Кредит беришни тўхтатиб туриш ҳақида гапирганда, эҳтиёт бўлишимиз керак. Сабаби, мавжуд [кредит] ресурсларни бирор жойга йўналтириш керак. Кредит бериш бирданига тўхтатиб қўйилмайди. [Кредит бериш] йўналишлари ўзгариши ёки қарз олувчиларга қўйиладиган талаблар янада қаттиқлашиши мумкин. Кредитни қайтара олмаган қарз олувчиларга банк кредит бермаслигига интиламиз. Бироқ кредит бериш [янги талаблар туфайли] бевосита камаяди, дейиш қийин».

«Газета.uz» аввалроқ чекловлар жорий этилишига сабаб бўлган шартлар ҳақида ёзган эди.