Интернетда ўқитувчи бошланғич синфларга дарс вақтида аввалига ўқувчи болани ургани, сўнг ўқувчи қизга бақириб, қаттиқ калтаклагани акс этган видео тарқалди. Қиз партасида ўтирган бўлса ҳам, ўқитувчи уни уришдан тўхтамаган.

Хоразм вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси хабарига кўра, ҳодиса Хонқа туманидаги 36-сонли мактабда содир бўлган. Бошқарма ўрганиш ишлари олиб бораётганини маълум қилди. Вазирликнинг «Газета.uz»га аниқлик киритишича, биринчи синф ўқувчисининг калтакланиши 23 февраль куни содир бўлган.

Бош прокуратура матбуот хизмати мазкур ҳолат юзасидан ички ишлар органлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилаётгани, вазият вилоят прокуратураси томонидан назоратга олингани ҳақида хабар берди. Жабрланувчиларнинг жароҳатларини аниқлаш учун судга оид тиббий экспертиза ҳам тайинланган.

Эслатиб ўтамиз, февраль ойи бошида Навоий шаҳридаги 18-мактабнинг рус тили ва адабиёти ўқитувчиси дарс вақтида икки нафар ўқувчини калтаклаган эди.