Ижтимоий тармоқларда Навоийда рус тили ва адабиёт ўқитувчиси ўқувчиларни калтаклагани айтилган видео тарқалди. Унда эркак ўқитувчи орқа қаторда ўтирган ўқувчилардан бирининг ёнига бориб, унинг қорнига мушт, юзига тарсаки туширади, яна бирини ҳам уради.

Ҳолат юзасидан болалар омбудсмани муносабат билдирар экан, воқеа 1 февраль куни Навоий шаҳрида жойлашган 18-сонли мактабда содир бўлганини маълум қилди.

Ўқитувчи М.Ш. дарс жараёнида 9-синфнинг 2 нафар ўқувчилари — А.А. ва Ш. Б. ларни калтаклаган. Ўқувчилардан бири А.А. ва унинг онаси туман ИИБга ариза билан мурожаат қилиб, ўқитувчига қонуний чора кўришни сўраган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан терговга қадар текширув олиб борилмоқда. Жароҳат олган ўқувчиларга нисбатан суд-тиббий экспертизаси ўтказилиши тайинланган.

Болалар омбудсмани мазкур факт юзасидан боланинг қонуний манфаатларини таъминлаш юзасидан ўз кузатувини қатъий давом эттиришини маълум қилди.