Украина расмийлари, агар иттифоқчилар ўқ-дорилар етказиб беришни кўпайтирмаса, ёзгача Россия ҳужуми жиддий суръатга эга бўлишидан хавотирда, деб ёзмоқда Bloomberg.

Россия қўшинлари фронтда устунликни қўлга киритар экан, бир неча ҳафтадан бери Украина ва унинг иттифоқчиларида пессимизм кучайиб бормоқда. Авдеевка ва унга яқин жойлашган бир қанча қишлоқларнинг қулаши Киев мудофааси бардош бермаслиги мумкинлиги ҳақидаги хавотирларни кучайтирмоқда, деди агентликка европалик расмий.

«Украина бу йил ютқазишни бошлаши мумкин», — деди Карнеги жамғармасининг Россия ва Украина бўйича мутахассиси Майкл Кофман.

Bloomberg манбасининг айтишича, Украина разведкаси Россия президенти Владимир Путин йирик шаҳарларни, жумладан, Киев ва Одессани қўлга киритишдек азалий мақсадидан қайтмаганини тахмин қилмоқда.

«Агар Россия қўшинлари Одессага етиб борса, улар Украинанинг Қора денгиз орқали ўтадиган муҳим дон экспорти йўлларини тўсиб қўйиши, шунингдек, Молдовага йўл очиши мумкин, бу ерда ажралиб чиққан Приднестровье ҳудуди чоршанба куни сиёсий ёрдам сўраб Москвага мурожаат қилган», — дейилади хабарда.

29 февраль куни Федерал мажлисга қилган мурожаати чоғида Путин 2022 йил февралида босқин бошланишида қўйилган мақсадларга ҳали ҳам эришишни режалаштираётганини яна бир бор таъкидлади, ёзди Bloomberg.

Украина раҳбариятига яқин одамнинг сўзларига кўра, жорий кампаниянинг натижаларига қараб, Россия секин ва мақсадли ҳужумни давом эттириш ёки бу ёзда Украина чегараларини кесиб ўтиш учун қаттиқроқ зарба бериш учун ресурсларни тўплаш ҳақида қарор қабул қилади.

Аввалроқ Украина президенти Владимир Зеленский ҳам ўқ-дорилар тақчиллиги жанг майдонидаги вазиятга таъсир қилаётганини айтиб, Россия баҳор ёки ёз бошида янги ҳужумни режалаштираётгани ҳақида огоҳлантирган эди.

Ўқ-дорилар тақчиллигининг асосий сабабларидан бири АҚШ Украинага 60 миллиард долларлик ёрдам пакети етказиб беришни кечиктираётгани ҳисобланади. Февраль ойи ўрталарида АҚШ Сенати Киевга ҳарбий ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини маъқуллаганди, бироқ Республикачилар партияси назоратидаги Вакиллар палатаси спикери уни овозга қўйишдан бош тортган.

«Украина стратегияси F-16 қирувчиларини қабул қилиб, Ғарб ўқ-дорилар ишлаб чиқаришни кўпайтиргунга қадар йилнинг иккинчи ярмигача фронт чизиғини иложи борича узоқроқ ушлаб туришга ҳаракат қилишдан иборат. Бу Киевга 2025 йилда яна бир эҳтимолий қарши ҳужумни режалаштириш имконини беради», — деб ёзади Bloomberg.