Исроил ва Фаластиннинг ХАМАС гуруҳи ўртасидаги уруш натижасида Ғазо секторида ҳалок бўлганлар сони 30 мингдан ошди, 70 мингдан ортиқ киши жароҳат олди, деб хабар бермоқда AP Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига таяниб.

Худди шу маълумотни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) раҳбари Тедрос Адханом Гебрейесус ҳам тасдиқлади. Унинг қайд этишича, ҳалок бўлганларнинг аксарияти аёллар ва болалар ҳисобланади.

«Бу даҳшатли зўравонлик ва азоб-уқубатларга барҳам бериш керак», — деб ёзди Гебрейесус Х (собиқ Twitter) ижтимоий тармоғида.

AP`нинг аниқлик киритишича, Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўз ҳисоб-китобларида тинч аҳоли ва жангчиларни таснифламайди. Исроил 10 минг ХАМАС жангарисини ўлдирганини даъво қилмоқда, аммо бунга ҳеч қандай далил келтирмади.

Кўпчилик экспертларнинг таъкидлашича, жангларнинг давом этаётгани, алоқадаги узилишлар ва тиббий тизимнинг қулаши фонида вафот этаётганлар сонини аниқлаш қийинлиги инобатга олинса, Ғазодаги расмий қурбонлар сони унчалик катта эмас, деб ёзади The New York Times.

Газетанинг таъкидлашича, АҚШ, Миср ва Қатар Исроил ҳамда ХАМАС ўртасида воситачи бўлиб, ўт очишни тўхтатиш ва исроиллик гаровга олинганларни озод қилиш бўйича келишув устида ишларни давом эттирмоқда, аммо уни ҳар икки томон ҳам қабул қилиши истиқболлари «ноаниқ» бўлиб қолмоқда.

Бир неча ҳафтадан бери сулҳ бўйича музокаралар давом этмоқда ва, айниқса, Исроил армияси Рафаҳда қуруқликдаги ҳужумга тайёргарлик кўраётган бир пайтда фаоллашди. Шаҳар Исроил ҳарбий амалиёти бошланганидан сўнг Ғазо шимолидан қочган 1,5 миллионга яқин одамга бошпана берганди — бу анклав умумий аҳолисининг ярмидан кўп.