Ўзбекистонда умумий овқатланиш корхоналари учун айланмадан ягона солиғи ёки қўшилган қиймат солиғининг (ҚҚС) пасайтирилган ва ҳисобга олинмайдиган ставкасини жорий этиш таклиф этилмоқда. Бу ҳақда 27 февраль куни рестораторлар билан ўтказилган учрашувда айтилди, деб хабар қилмоқда Spot.

Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобовнинг айтишича, 10 та йирик корхона иштирокида бўлиб ўтган йиғилишда умумий овқатланиш соҳасида ягона солиқ тизимини жорий этиш таклифи билдирилган.

Агар ресторан 50 минг сўмлик таом учун 12 фоиз ҚҚС тўласа, унинг нархи 56 минг сўм бўлади. Ресторан яқинидаги ҚҚС тўламайдиган бошқа корхона эса 4 фоизлик айланмадан олинадиган солиқ тўлайди, шу сабабли ундаги маҳсулот нархи 52 минг сўмни ташкил этади, деб ёзди нашр.

«Оқибатда яқин атрофда лағмон дўкони очган тадбиркор мижозларимни ўзига олиб кетмаслиги учун ниманидир камайтиришимга тўғри келади — гўшт, ун ёки бошқа нарса. [Таклиф билдирган] умумий овқатланиш корхоналари нима хоҳлайди? Келинг, ҳаммаси — янги ва эски [корхоналар] учун битта йўл қилайлик. Бизга айланмадан, ҚҚСдан улуш керак эмас. Яхшиси, [бозор ва дўконлардан] маҳсулот сотиб олиш тизимини такомиллаштириш бўйича таклифлар берсангиз», — деди Савдо-саноат палатаси раҳбари.

Даврон Ваҳобов тадбиркорнинг умумий овқатланиш корхоналари учун ҚҚС ставкасини пасайтириш эҳтимоли ҳақидаги саволига жавоб берар экан, бу солиқ миқдори камайтирилиши мумкинлигини тан олди, бироқ кутилаётган миқдорга аниқлик киритмади.

Солиқ қўмитаси раиси ўринбосари Олимжон Файзибоев хорижда умумий овқатланиш корхоналарига ҚҚС бўйича ягона солиқ солиш тартиби амалда эканини таъкидлади. Масалан, Францияда ресторанларга ҚҚСнинг пасайтирилган ставкаси қўлланади, деди у.

Унга кўра, Солиқ қўмитаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигига умумий овқатланиш корхоналари учун айланмадан ягона солиғини жорий этиш бўйича таклиф киритган. ҚҚС ставкасини пасайтириш варианти ҳам муҳокама қилинмоқда, лекин аввал тўланган суммани ҳисобламаган ҳолда.

Аввалроқ ресторатор Тимур Мусин овқатланиш корхоналари учун ҚҚС даромаддан эмас, айланмадан тўланишини таъкидлаган эди. ҚҚС, шунингдек, бошқа солиқлар ва тўловларга кетадиган 20 фоиз маржа бизнеснинг «тоза» ишлашига имкон бермайди. Тадбиркор умумий овқатланиш корхоналари учун ҚҚС ставкасини икки баравар — амалдаги 12 фоиздан 6 фоизга камайтиришни таклиф қилган.

Август ойида молия вазирининг собиқ ўринбосари Дилшод Султонов бир қатор маҳсулотларга ҚҚС миқдорини нолга тушириш самараси «нолга тенг» бўлганини айтган эди. Бундан ташқари, бу умумий овқатланиш саноатида солиқ занжиридаги узилишларга олиб келган.