29 февраль куни соат 06:45 атрофида Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманида King Long йўловчи автобуси ва Tracker автомашинаси ўртасида йўл транспорт ҳодисаси содир бўлди, дея хабар бермоқда «Тошшаҳартрансхизмат» компанияси матбуот хизмати.

Қайд этилишича, «2-автобус саройи» филиали тасарруфидаги 63-сонли автобус ҳайдовчиси А.Ж. туманнинг «Янги Ўзбекистон» кўчаси чорраҳасидан қайрилиб олиш вақтида қарама-қарши йўналишда ҳаракатланиб келаётган Tracker билан тўқнашган.

Автомобиль юқори (197 км/соат) тезликда келаётган бўлган. Ушбу ЙТҲ вақтида автобус салонида йўловчилар бўлмаган. Tracker ҳайдовчиси тан жароҳатлари олган ва тез тиббий ёрдам кўрсатиш учун шифохонага олиб кетилган. Компания матбуот хизматининг «Газета.uz»га аниқлик киритишича, ҳайдовчи вафот этган.

Тошкент шаҳри ИИББ матбуот котиби Нилуфар Мадиеванинг «Газета.uz»га маълум қилишича, ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган.