Шавкат Мирзиёев 29 февраль куни Хоразм вилоятига ташриф буюриб, дастлаб Қорақалпоғистоннинг Амударё туманига борди ва янги кўприкнинг очилиш маросимида иштирок этди.

амударё тумани, кўприк, қорақалпоғистон

Президент матбуот хизмати кўприкни «улкан иқтисодий ва ижтимоий аҳамиятга эга стратегик иншоот» дея қайд этди. Бу бўйича ташаббус 2020 йил 13 декабрь куни Хоразм вилояти фаоллари билан учрашувда илгари сурилганди. Давлат раҳбари унинг қурилишини икки бор келиб кўрган.

амударё тумани, кўприк, қорақалпоғистон

Янги кўприкнинг очилиш маросимида Қорақалпоғистон ва Хоразм вилояти фаоллари иштирок этди. Президент дастлаб поездда ва автомобилда юриб, кўприк сифатини кўздан кечирди. Жамоатчилик иштирокидаги йиғилишда бу лойиҳанинг самарадорлиги, аҳоли ҳаётидаги аҳамиятини таъкидлади.

амударё тумани, кўприк, қорақалпоғистон

амударё тумани, кўприк, қорақалпоғистон

«Оролбўйи минтақасини, хусусан, Қорақалпоғистон Республикасини ривожлантириш, аввало, экологик инқироз оқибатларини юмшатиб, мураккаб вазиятда яшаётган аҳолимизга қулай шароитлар яратиш мамлакатимиз тараққиёт стратегиясининг бош мақсадларидан биридир. Илгари ҳам айтганимдек, Қорақалпоғистоннинг тақдири — бу Ўзбекистоннинг тақдири, қорақалпоқ халқининг бахти ва фаровонлиги — бу бутун Ўзбекистон халқининг бахти ва фаровонлигидир. Бугун мана шу эзгу мақсадни амалга ошириш йўлида яна бир улкан қадам қўймоқдамиз», — деди Шавкат Мирзиёев.

Матбуот хизматининг таъкидлашича, кўприк қурилган жой Ўзбекистоннинг энг чекка ҳудудларидан бири ҳисобланади ва шу пайтгача одамлар ўтган асрнинг эллигинчи йилларида олиб келинган эски понтон кўприкдан фойдаланиб келган.

амударё тумани, кўприк, қорақалпоғистон

«Ҳар баҳорда муз эриб, дарёда сув кўпайиши билан у жиддий шикастланарди. Бу дарёнинг икки томонидаги аҳолига жуда кўп қийинчиликлар туғдирарди», — дейилади хабарда.

Хусусан, Амударё тумани аҳолиси автомобилда Нукусга бориш учун Урганч ва Беруний орқали юришга мажбур бўлган. Бунинг учун қўшимча 180 километр йўл юрилган. Поездда эса Хоразмнинг шарқ томонидаги Ҳазорасп кўпригидан ўтиб келинган.

«Янги кўприк туфайли бу қийинчиликлар барҳам топади, халқнинг узоғи яқин бўлади. У орқали Қорақалпоғистон билан Хоразмни боғлайдиган энг яқин автомобиль ва темирйўл қатнови йўлга қўйилади», — дея қайд этилади хабарда.

Кўприкнинг узунлиги 423 метр бўлиб, у билан бирга Шовот-Қораўзак бекатларини боғлайдиган 85 километрлик темирйўл ҳамда 3 та вокзал ҳам барпо этилди.

амударё тумани, кўприк, қорақалпоғистон

«Бу иншоот самарасида йўлнинг ўтказиш қобилияти 4 баробарга ошиб, бир кеча-кундузда 12 минг автомобиль ҳаракатланади. Натижада 48 минг йўловчининг 2 соат вақти тежалади ва дарёдан хавфсиз ўтиши таъминланади».

Кўприк икки тарафга қараб 24 жуфт поездни ўтказиш имкониятига эга, бу орқали темирйўл масофаси 180 километрга, юк ташиш тезлиги эса 6 соатгача қисқаради. Бу эса маҳаллий юкларни ташиш ҳажмини йилига 2 баробарга ошириш, ташиш таннархини 2 баробарга камайтириш имконини беради. Ушбу темирйўл орқали Қозоғистон ва Россияга ҳам янги йўналишлар очилади.

Шунингдек, Қораўзак конларидан тош энди поездларда ташилиши ҳисобига Оробўйи минтақасидаги 4 миллион аҳоли ва туристларга хизмат кўрсатувчи автомобиль йўллари сифатли сақланади.

«Биз биргаликда бунёд этган бу муҳташам кўприк шунчаки навбатдаги инфратузилма иншооти эмас. Бу кўприк аввало ўзбек ва қорақалпоқ халқлари ўртасидаги мустаҳкам ишонч ва дўстлик, оғзибирлик ва ҳамкорлик кўпригидир. Бу йўл жаҳонга очилаётган Янги Ўзбекистон, Янги Қорақалпоғистоннинг тараққиёт ва фаровонлик йўлларидир. Мана шу азим дарёнинг икки соҳилида, шундай ёруғ кунларни орзу қилиб яшаб келаётган минг-минглаб юртдошларимизнинг умидлари рўёбга чиққан тарихий кун барчамизга муборак бўлсин», — деди президент.

Давлат раҳбари оғир иқлим шароитида фидокорона меҳнат қилган моҳир қурувчиларга, лойиҳачи ва муҳандисларга, кўприкни барпо этишга муносиб ҳисса қўшган барча инсонларга миннатдорлик билдирди. Аҳолига қулайлик яратишга қаратилган ишлар изчил давом эттирилиши таъкидланди.

амударё тумани, кўприк, қорақалпоғистон

Қайд этилишича, 2024 йилда Бухоро — Урганч — Хива, келгуси йилдан Мискин — Нукус темирйўли электрлаштирилади. Натижада Хива ҳамда Нукус шаҳарларига тезюрар поездлар қатнови йўлга қўйилади. Ушбу ҳудудлардаги аҳолининг мамлакатнинг бошқа шаҳарларига бориб-келиши осонлашади. Бу лойиҳалар ҳисобидан транспорт харажатлари 2 баробар қисқариб, йўловчи ташиш 30 фоизга ошади.

Умуман, бундай йирик лойиҳалар Қорақалпоғистон ва Хоразмнинг иқтисодий салоҳияти ошиши, инвестициялар оқими ва иш ўринлари кўпайиши, аҳоли даромадлари ўсишига хизмат қилади.

Шундан сўнг Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистон ҳамда Хоразм фаоллари билан мулоқот қилди.