Ўзбекистонда 2023 йилда йўл-транспорт ҳодисалари оқибатида 2282 нафар фуқаро (2022 йилга нисбатан 74 нафарга кам), жумладан, 263 нафар бола вафот этди. Бу ҳақда Сенатдаги Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси мажлисида маълум қилинди.

Қайд этилишича, 2023 йилда жами 16 млн дан ортиқ қоидабузарлик қайд этилган, жумладан, 13 млн дан кўп қўпол қоидабузарлик, 42 мингга яқин транспорт воситасини маст ҳолда бошқариш, 300 мингдан ортиқ пиёдалар қоидабузарлиги қайд этилган. Мажлисда бунга автомобиль йўлларида йўловчилар хавфсизлигини таъминлаш юзасидан таъсирчан назорат тўлиқ ва самарали ўрнатилмагани сабаб қилиб кўрсатилган.

Йил давомида республикада 9839 та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилиб, уларда 9209 нафар фуқаро жароҳатланган ва 2282 нафар фуқаро ҳалок бўлган. 2023 йилда болалар билан боғлиқ 1794 та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилиб, уларда 1568 нафар бола жароҳатланган ва 263 нафар бола ҳалок бўлган.

Аввалроқ 2023 йилнинг 11 ойида (январь-ноябрь) эса 8693 та ЙТҲ содир этилиб, уларда 2080 нафар инсон ҳалок бўлган ва 8055 киши жароҳатлангани ҳақида хабар берилганди. Юқоридаги рақамлардан келиб чиқадики 2023 йилнинг декабрь ойининг ўзида 202 нафар фуқаро йўлларда вафот этган.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йил давомида республика ҳудудида жами 9902 ЙТҲ содир этилган бўлиб, 2086 та ўлим билан боғлиқ ҳолатларда 2356 нафар фуқаролар вафот этганди.