Президент сув хўжалиги вазири Шавкат Хамраевга янги ўринбосарлар тайинлади. Вазирлик сайтидаги маълумотлар «Газета.uz» эътиборини тортди.

Тимур Нурйигитович Бутунбаев вазирнинг биринчи ўринбосари этиб тайинланди. У 1986 йил 6 ноябрда Сирдарё вилояти Гулистон шаҳрида туғилган. 2009 йилда Ички ишлар вазирлиги академиясини тамомлаган. Таълим бўйича ҳуқуқшунос.

Меҳнат фаолиятини 2009 йилда Тошкент шаҳри Яшнобод тумани ИИБ терговчиси сифатида бошлаган. 2010−2017 йилларда ИИВнинг турли лавозимларида ишлаган. 2018−2024 йилларда Президент администрациясида масъул лавозимларда фаолият юритган.

Хабибулла Отақулович Қувондиқов сув хўжалиги вазирининг ўринбосари этиб тайинланди. У 1978 йил 13 июлда Қарши шаҳрида туғилган. 1999 йилда Тошкент молия институтини, 2006 йилда президент ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академияси Олий бизнес мактабини тамомлаган. Йўналишлари — молия-кредит, молиявий таҳлил, суғурта, умумий менежмент, MBA Business Management.

Меҳнат фаолиятини 1999 йилда Тошкент вилоятидаги «Сувоқова» трестининг иқтисодиёт ва истиқболни белгилаш бўлимида муҳандис сифатида бошлаган. Кейинчалик бўлим бошлиғи, трест бошқарув раиси ўринбосари лавозимларида ишлаган. 2003−2007 йилларда «Ўзкоммунхизмат» агентлиги масъул ходими бўлган.

2007−2010 йилларда Вазирлар Маҳкамаси Коммунал соҳа, транспорт, капитал қурилиш ва қурилиш индустрияси масалалари ахборот-таҳлил департаменти етакчи мутахассиси, 2011−2012 йилларда агентлик бошқарма бошлиғи ўринбосари ва бошқарма бошлиғи бўлиб фаолият юритган.

2012−2018 йилларда Вазирлар Маҳкамаси департаментида етакчи мутахассис, 2018−2020 йилларда Давлат ветеринария қўмитаси бошқарма бошлиғи, 2020−2021 йилларда «Ўзсувтаъминот» компанияси Халқаро алоқалар ва протокол бўлими бошлиғи, 2020−2021 йилларда Қурилиш вазирлигининг Йиғма ахборот-таҳлил бошқармаси бошлиғи лавозимларида ишлаган.

2022 йилда у Wall Street Consult компаниясида молиявий маслаҳатчи лавозимида ишлаган, 2023−2024 йилларда эса муҳандислик иншоотларини қуриш билан шуғулланувчи UET Construction компанияси директори лавозимида ишлаган.

Сув хўжалиги вазирлиги янги вазир ўринбосарлари тайинлангани ҳақидаги хабарни эълон қилмади. Вазирлик матбуот хизматининг «Газета.uz»га маълум қилишича, улар бир ҳафтадан буён ушбу лавозимларда ишламоқда. Аммо вазирлик сайтидаги биографияларда тайинлов саналари 27 февраль деб кўрсатилган.

Сув хўжалиги вазирининг собиқ биринчи ўринбосари Азимжон Назаров 2023 йил октябрь ойида қишлоқ хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланган эди. Ўтган йилнинг июль ойида ишдан олинган Бахтиёр Камаловнинг бўш қолган лавозимига эса Ҳабибулла Қувондиқов келди.