26 февраль куни Украинанинг Ўзбекистондаги элчихонасида Россиянинг Украинага кенг масштабда бостириб кириши бошланганининг икки йиллигига бағишланган брифинг бўлиб ўтди.

Дипломатик миссия раҳбари Николай Дорошенко уруш аслида икки йил эмас, ўн йил давом этишини эслатди. Кенг миқёсдаги босқин бошланганидан сўнг, бошқа кўплаб давлатларнинг раҳбарлари Украинанинг омон қолишига ишонмаганди, аммо икки йил ўтгач, мамлакат қаршилик кўрсатишда давом этмоқда ва босиб олинган ҳудудларнинг ярмидан кўпини озод қилди.

Элчининг таъкидлашича, Россия ҳар куни минглаб одамларни жангга жўнатиб, Украинанинг тинч шаҳарларига ракета ва дрон ҳужумларини уюштиришда давом этмоқда, бу эса тинч аҳолининг қурбон бўлиши ва инфратузилманинг вайрон бўлишига олиб келди. Босқин бошидан бери Украина тинч аҳолиси ўртасида йўқотишлар 11 868 кишини ташкил этди, 18 950 киши жароҳат олди. Украинанинг 119,9 минг турар-жой бинолари, 3008 та таълим ва 733 та тиббиёт муассасалари, шунингдек, 872 та маданий мерос объектларига зарар етган ёки вайрон қилинган.

«Охирги икки йил Москванинг биз кучсиз эканимиз, Украина қаршилик кўрсатмайди, дунё эса Россиянинг ҳарбий босқинига кўз юмади ва чегараларни мажбуран ўзгартиришга уринади, деган ҳисоб-китобларини барбод қилди. Бироқ, босқинчилик уруши давом этмоқда ва бирдамлик муҳимлиги ва ҳамкор мамлакатларнинг Украинани ғалаба учун барча зарур воситалар билан таъминлашга тайёрлиги ҳар қачонгидан ҳам долзарбдир. Украина бу вақтда биз билан бўлган ва бирга қолган ҳар бир давлат, раҳбар, инсондан миннатдор. Биз қўллаб-қувватлашни қадрлаймиз ва ҳамкорларимиз бу қўлловни доим давом эттиришига умид қиламиз. Бу бизга омон қолиш ва кенг кўламли босқинга қарши туриш имконини берди», — деди элчи.

«Урушда энг кўп Украина жабр кўрмоқда, шунинг учун биздан кўра тинчликни кўпроқ хоҳлайдиган ҳеч ким йўқ. Аммо муаммо Украинада эмас. Россия музокарага тайёрман дегани бу Украинанинг таслим бўлиши бўйича музокараларни англатади. Биз украиналиклар биламизки, ҳақиқий, адолатли тинчликка йўл ортида Украина еридан босқинчиларни чиқариб юбориш ётибди. Ушбу урушнинг кўламини ҳисобга олсак, бизга 1200 км га яқин фронтни ҳимоя қилиш учун жуда кўп миқдордаги қурол ва ўқ-дорилар керак. Биз аллақачон Украинанинг ички мудофаасини сезиларли даражада кенгайтирдик ва ўз қуролларимизни ишлаб чиқаришни кўпайтирдик. Аммо ҳали ҳам муҳим ҳарбий ёрдамга муҳтожмиз», — дея таъкидлади Николай Дорошенко.

Элчи нега Россиянинг Украинага қарши тажовузкорлиги бошқа давлатлар учун муҳимлигига эътибор қаратди. «[Россия президенти Владимир] Путиннинг тажовузкор режалари Украинадан анча узоққа чўзилади».

У «Россия президенти украиналиклар миллат сифатида мавжуд эмаслигини, уларнинг ўзига хослиги сунъий экани ва мамлакат бошқа тарихий воқеаларнинг тасодифий ён маҳсулоти эканини бир неча бор таъкидлаганини» ҳам эслаб ўтди.

«Бундай ҳурматсиз сўзлар мустамлака зулмига учраган бошқа кўплаб халқларга таъсир қилиши мумкин. Ва сиз буни ["Адолатли Россия» партиясининг ҳамраиси Захар Прилепин] Ўзбекистоннинг аннексия қилиниши мумкинлиги ҳақида айтилганда ва тарихчи [Михаил Смолин] Ўзбекистон умуман бўлмагани, бундай давлат йўқлиги ва ҳоказолар айтилганда яхшигина ҳис қилгандингиз. Бу мен ҳозиргина айтган ғояларнинг давоми", — деди Николай Дорошенко.

Элчининг таъкидлашича, Россия учун Украинага қарши уруш «ҳеч қачон НАТОнинг кенгайиши, рус тилида сўзлашувчи аҳолини ҳимоя қилиш ва бошқа ёлғон даъволар билан боғлиқ эмас, балки фақат қуруқликни босиб олиш ва Европадаги чегараларни қайта чизиш билан боғлиқ».

Дипломатик миссия раҳбари ҳарбий амалиётларнинг гуманитар жиҳатларини эслаб ўтди. Унинг айтишича, Украинадан депортация қилинган фуқаролар ва болаларни қайтариш масаласи жуда долзарб. Элчи берган маълумотларга кўра, Россияда 28 минг Украина фуқароси бор. Бундан ташқари, юз минглаб болалар депортация қилинди. Шундан 19 546 та ҳолат расмийлаштирилган.

«Етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган 4390 нафар украиналик бола ноқонуний равишда Россияга олиб кетилган. Ҳозиргача ўғирланган атиги 530 нафар бола оилаларига қайтарилган. Босқинчилар болаларни рус оилаларига ўтказишда, фуқаролигини ўзгартиришда ва чегарада Россияни тарк этишга уринишларини рад этишда давом этмоқда. Россияда украиналик болаларни ноқонуний асраб олиш жараёни кенг кўламли тус олмоқда. Камида 380 нафар украиналик бола вақтинчалик васийлик остига олинган ва аслида Россияда ноқонуний равишда асраб олинган», — дея таъкидлади Украина элчиси.

Николай Дорошенко Украина президенти Владимир Зеленский ташаббуси билан «Болаларни UA`га қайтаринг» платформаси яратилганини эслатиб ўтди. Стратегик ҳаракатлар режаси ҳамкор давлатлар ҳукуматлари, халқаро ташкилотлар ва фуқаролик жамиятининг Россияга ноқонуний депортация қилинган барча украиналик болаларни қидириш, аниқлаш, репатриация қилиш ва уларга ғамхўрлик қилиш бўйича саъй-ҳаракатларини бирлаштиради.

2023 йил декабрида Киевда украиналик болаларни қайтариш бўйича халқаро коалициянинг таъсис йиғилиши бўлиб ўтди. Коалиция Тинчлик формуласининг бир қисми сифатида тузилган. Декларацияга 60 дан ортиқ давлат қўшилишини имзолади.

«Ушбу декларация имзолаш учун очиқ. Биз Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига улар ҳам декларацияга қўшилиши мумкинлиги ҳақида мурожаат қилдик», — деди элчи.

Николай Дорошенко, шунингдек, Украина тинчликни қандай кўриши ҳақида гапирди. Унинг таъкидлашича, мамлакат «ҳар қанақа тинчликка» ҳам тайёр эмас. «Бизга халқаро ҳуқуққа мувофиқ кенг қамровли, адолатли, мустаҳкам тинчлик керак», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, ҳақиқий тинчлик учун барча саъй-ҳаракатлар Тинчлик формуласида бирлаштирилган. «Тинчлик формуласи нафақат Украинанинг ҳудудий яхлитлигини тиклаш, Россия қўшинларини олиб чиқиб кетиш ва жанговар ҳаракатларни тўхтатиш, балки озиқ-овқат, энергия хавфсизлиги, экология, радиация, ядро хавфсизлиги, адолатни тиклаш, маҳбуслар, депортация қилинганларни қайтаришни ва яна кўп нарсаларни ҳам ўз ичига олади», — деди Николай Дорошенко.

«Тинчлик формуласи — ягона реал, самарали, тинч ташаббусдир. Биз БМТ низомини ҳурмат қиладиган ва халқаро ҳуқуқни қадрлайдиган барча давлатларни ушбу ғояни амалга ошириш учун кучларни бирлаштиришга чақирамиз», — деди у.

Элчининг айтишича, Украина ҳозирда Швейцарияда Россиянинг Украинага қарши тажовузини тўхтатадиган қўшма асосни ишлаб чиқиш чораларини кўриб чиқиш учун Глобал тинчлик саммитини ўтказиш устида ишламоқда.

Швейцариядаги саммит асосий тамойилларга асосланган глобал бирлик: тинчликнинг муқаддаслиги, халқаро тан олинган чегараларга ҳурмат ва қонун устуворлигини намойиш қилиши керак, деди дипломат.