Ҳукуматнинг 24 февралдаги қарори билан жамоатчилик экология назоратчиси тўғрисидаги низом тасдиқланди. Ҳужжатда жамоатчилик экология назорати вакилларининг мақоми, ҳуқуқ ва мажбуриятлари, фаолиятининг асосий йўналишлари ҳамда малака ошириш тартиби белгилаб берилди.

Низомга кўра, 18 ёшга тўлган Ўзбекистон фуқаролари экология назоратчиси бўлиши мумкин.

Экология назоратчиси ваколатли органлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари (ННТ) билан биргаликда қуйидаги вазифаларни бажаради:

  • атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари талаблари бузилишининг олдини олиш, уни аниқлаш ва чек қўйишда иштирок этиш;
  • атроф-муҳитнинг ҳолатини кузатиб бориш, унинг ифлосланишига, табиий ресурслардан нооқилона фойдаланишга олиб келиши, фуқароларнинг ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулкига хавф солиши мумкин бўлган ҳолатларни аниқлашда ваколатли органга, шу жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига кўмаклашиш;
  • экологик ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, браконьерликка қарши курашиш;
  • экологик фаолият самарадорлигини ошириш ҳамда давлат экологик дастурларининг ўзини ўзи бошқариш органлари, ННТлар ва фуқароларнинг иштирокини таъминлашга кўмаклашиш.

Экология назоратчиси қуйидаги ҳуқуқбузарликлар аниқланганда, далолатнома расмийлаштиради ва «Эконазорат» электрон тизимига киритади:

  • чиқиндиларни белгиланмаган жойга ташлаш, оқизиш ёки ёқиш;
  • очиқ сув ҳавзалари яқинида транспорт воситаларини ювиш ва ҳавзаларга оқова сувларни тўкиш;
  • қум-шағал материалларини ноқонуний қазиб олиш;
  • жисмоний ва юридик шахслар фаолиятидан ҳосил бўлган оқова сувларни рухсат этилмаган жойларга оқизиш;
  • ноқонуний ов қилиш;
  • дарахтларни ноқонуний кесиш ва ўсимликларнинг нобуд бўлишига олиб келадиган бошқа ҳаракатлар.

Номзодлар Экология вазирлигининг ҳудудий бошқармаларига ёки вазирлик сайти орқали ёзма ариза топшириши керак. Улар вазирлик, Экологик партия ва эколог олимлардан иборат махсус комиссия томонидан танлаб олинади.

Бепул махсус тайёргарлик 72 соат давом этади ва масофадан туриб амалга оширилиши мумкин. Уни Марказий Осиё университети қошидаги Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги ходимларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш маркази ўқитувчилари олиб боради.

Тайёргарликдан сўнг номзодлар имтиҳонни индивидуал суҳбат шаклида топшириши керак, бунда улар комиссиянинг саволларига оғзаки жавоб беради. Шундан сўнг жамоатчилик экология назоратчиси мақомини тасдиқловчи гувоҳнома берилади.

Экология вазирлиги 1 июнга қадар жамоатчилик экология назоратчилигига номзодлар учун мустақил таълим дастурини тайёрлаши керак.

Ҳуқуқбузарликлар аниқланганда ва зарур чоралар кўрилганда экология назоратчиси Экология жамғармасининг пул мукофотлари билан тақдирланади:

  • дарахтлар, буталар, бошқа ўсимликлар ва ниҳолларни ноқонуний кесиш, ёқиш, кундаков қилиш, шикастлантириш, нобуд қилиш ёки бошқа жойга қўчириб ўтказиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларни аниқлаганлик учун — ҳуқуқбузардан ундирилган маблағлар ҳисобидан БҲМнинг 1 баравари (340 минг сўм) миқдорида;
  • экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасидаги бошқа ҳуқуқбузарликлар учун — ҳуқуқбузардан ундирилган жарима суммасининг 15 фоизи миқдорида. Бунда ушбу қисмнинг 5 фоизи Давлат экологик назорат инспекцияси инспекторини рағбатлантириш учун йўналтирилади.

Жарима суд томонидан бекор қилинган тақдирда, сумманинг 15 фоиз миқдори Экология жамғармаси маблағларидан қопланади.

2021 йил июль ойида собиқ Экология давлат қўмитаси (ҳозирги Экология вазирлиги) пойтахтдаги ҳар бир маҳалладан биттадан вакилга жамоатчилик экология назорати назоратчиси гувоҳномасини беришни режалаштирган эди. Улар давлат назоратчиси билан биргаликда дарахтларни ноқонуний кесиш, хавфли чиқиндиларга қарши курашиши кутилган эди.