26 февраль куни БМТ Бош Ассамблеяси «2027 йил — Халқаро барқарор ва яшовчан туризм йили» резолюциясини бир овоздан маъқуллади. Ҳужжат Ўзбекистон томонидан илгари сурилган бўлиб, унга 80 дан ортиқ мамлакат ҳаммуаллифлик қилган, дея хабар қилди президент матбуот хизмати.

БМТ веб-сайтида Мальдив ороллари ҳам ташаббускор экани ҳақида хабар берилган.

Ҳужжатнинг бош мақсади Шавкат Мирзиёевнинг 2023 йил октябрида Самарқандда бўлиб ўтган БМТнинг Жаҳон сайёҳлик ташкилоти Бош Ассамблеяси сессиясида туризм соҳасининг янги муаммолар ва замонавий хатарлар олдида барқарорлиги ва мослашувчанлиги борасида билдирилган фикрларига асосланган, дейилади хабарда.

Резолюцияда туризмнинг турли цивилизациялар бой маданий меросини асрашда, тинчлик ва бағрикенгликни мустаҳкамлашда, халқларнинг қадриятларини ҳурмат қилишда муҳим ўрин тутиши тўғрисидаги тамойиллар мустаҳкамланган.

Экология, биохилма-хилликни асраш ва атмосферанинг ифлосланишини камайтириш йўлида «яшил» туризмни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилган.

Резолюция 2027 йилни Халқаро барқарор ва яшовчан туризм йили деб эълон қилишни қарор қилади ҳамда БМТнинг Жаҳон сайёҳлик ташкилотини ҳукуматлар, БМТ тизимидаги тузилмалар, минтақавий ташкилотлар билан биргаликда йилни муваффақиятли ўтказиш учун комплекс чоралар кўришга чақиради.

Ҳужжатда барқарор туризмни, жумладан, Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш, иқтисодий ўсиш, тўлиқ бандликни таъминлаш, қишлоқ ҳудудларини ривожлантириш ва қишлоқ аҳолисининг яшаш шароитларини яхшилашга хизмат қилувчи экотуризмни ривожлантириш муҳимлиги таъкидланади.

Резолюция барча манфаатдор томонларга барқарор ва яшовчан туризмни камбағалликни бартараф этиш, аёллар, ёшлар, кексалар ва ногиронларнинг иштирокини рағбатлантириш, иқтисодий имкониятларни кенгайтириш ҳамда муносиб иш жойлари ва даромад манбаларини яратишнинг муҳим воситаси сифатида фаол илгари суришни тавсия этади.

БМТ бош котиби Антониу Гутерришнинг айтишича, туризм жаҳон иқтисодиётининг энг йирик тармоқларидан бири сифатида маданиятларни яқинлаштириш, янги имкониятлар яратиш ва барқарор ривожланишга кўмаклашиш учун улкан салоҳиятга эга.

Коронавирус пандемиясидан туризм саноати энг кўп зарар кўрган бўлса-да, соҳа жуда тез тикланмоқда. UNWTO маълумотларига кўра, халқаро туризм саноатининг айланмаси 2023 йил охирига келиб пандемиядан олдинги даражанинг 88 фоизини ташкил этган.

Ҳужжат матнини мувофиқлаштириш бўйича маслаҳатлашувларда Россия, Хитой, АҚШ, Туркия, Германия, Буюк Британия, Европа Иттифоқи делегацияси, Япония, Корея, Миср, Бразилия, Аргентина каби етакчи давлатларнинг экспертлари фаол иштирок этган.