27 февралга ўтар кечаси Тошкент шаҳри Чилонзор туманидаги мебель ишлаб чиқариш цехида ёнғин содир бўлди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Соат 00:13 да туманнинг Сугалли ота кўчасида жойлашган, ангар сифатида фойдаланиб келинаётган цехда ёнғин содир бўлгани тўғрисида шаҳар ФВБга хабар келиб тушган.

ангар, ёнғин, мебель цехи

Ёнғин-қутқарув экипажлари ҳудудга 4 дақиқада етиб бориб, ёнғин соат 01:29 да ўраб олинган ва соат 05:52 да тўлиқ бартараф этилган.

Ёнғинни бартараф этишга 18 та асосий, 2 та махсус ёнғин-қутқарув экипажи ва 5 та сув ташувчи ёрдамчи автомобиллар жалб этилди, дейилади хабарда. Қайд этилишича, 5 нафар ишчи ёнғиндан қутқарилиб, тез тиббий ёрдам ходимларига топширилди. Ёнғин оқибатида ҳалок бўлганлар йўқ.

Ёнғин сабаби ва моддий зарар миқдори аниқланмоқда.

Шунингдек, дастлабки терговолди суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Воқеа жойига ФВВ раҳбарияти, Тошкент шаҳри ФВБ бошлиғи ва ўринбосарлари, ИИБ, прокуратура, «Ҳудудгазтаъминот» ва ССБ, туман ФВБ раҳбар ва ходимлари чиққан.