Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳузуридаги Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги тўғридан-тўғри ҳукумат бўйсунувига ўтказилади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев 26 февраль куни бўлиб ўтган тақдимотда маълум қилди.

Агентликнинг асосий вазифалари миллий сертификатлар хорижий давлатларда тан олиниши бўйича тизимли ишларни йўлга қўйиш, сифатсиз маҳсулотлар импортининг олдини олиш устидан қатъий назорат ўрнатиш, Жаҳон савдо ташкилотининг Савдодаги техник тўсиқлар тўғрисидаги битими талабларини амалиётга жорий этишдан иборат бўлади, дейилади хабарда.

Шунингдек, агентлик соҳа учун кадрларни тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишга бевосита масъул бўлади, аҳоли ва тадбиркорлар билан ишлашда шаффофликни таъминлаш учун соҳани тўлиқ рақамлаштиради.

Президент жорий йилда ривожланган давлатлар билан синов натижаларини икки томонлама тан олиш бўйича келишувларга эришиш ишларини давом эттириб, 1,2 мингта корхонада халқаро сифат тизимларини жорий этиш муҳимлигини таъкидлади.

Шунингдек, техник регламентлар билан қамраб олинган маҳсулотлар турини кўпайтириш, амалдаги 19 та техник регламентни қайта кўриб чиқиш ва янгилаш, эталонлар ва юқори аниқликдаги ўлчаш воситаларини жорий қилиш ишларини кенгайтириш режалаштирилган.

ЖСТ билан самарали ҳамкорлик қилиш мақсадида агентлик тузилмасида Савдодаги техник тўсиқлар бўйича ахборот марказини ишга тушириш кўзда тутилган.

Кадрлар салоҳиятини ошириш мақсадида хорижий консультантларни жалб қилиш ва тармоқларда стандартга масъул кадрларни ўқитиш кераклиги айтилди.

Эслатиб ўтамиз, душанба куни Акмал Жуманазаров Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги директори этиб тайинлангани маълум бўлди. Бунгача у энергетика вазири ўринбосари лавозимида ишлаган.

Агентликнинг собиқ раҳбари Дилшод Саттаров январь ойида президент томонидан лавозимидан озод этилган эди. Шавкат Мирзиёев ўшанда Ўзбекистон сертификатларини тан олиш бўйича ҳали бирор давлат билан келишувга эришилмаганини танқид қилган.

Президентнинг 2021 йил июндаги «Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида давлат бошқарувини тубдан такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори билан Стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги («Ўзстандарт») негизида Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ташкил этилган.