Бир йилда нечта китоб ўқийсиз? Кунингизнинг қанча қисмини мутолаага сарфлайсиз? Хоҳлаганингиздан кўра кам, тўғрими? Иш-ташвишнинг тугамаслиги ёки шунчаки ҳафсала, хоҳиш йўқлиги баҳона бунга. «Газета.uz» китобхонликни тарғиб этиш, ўқувчини кўп ва хўб ўқишга ундаш ниятида «Нима ўқиймиз?» саволи билан олим, тадқиқотчи, жамоат фаоли, ёзувчи-шоир, таржимон ва бошқаларга юзланади, уларнинг йил давомида ўқиган ё ўқилиши шарт деб санаган китоблари тавсиясини сизга етказади. Мақсад жуда оддий — китобхон бўлайлик!

«Нима ўқиймиз?» лойиҳасининг бу галги меҳмони — адабиётшунос, филология фанлари номзоди, доцент, Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети Босма ОАВ ва ноширлик иши факультети декани Акбар Нурматов.

Мутолаа ҳақида

«Нима учун китоб ўқиш керак?» деган саволни ёқтирмайман. Чунки «бу нима учун нафас оласан?», «нега ҳар куни нонушта қиласан?», дегандек гап. Инсон дунёга келган экан, нафс, тириклик учунгина яшамайди-ку. Унинг руҳиятига, онгига озиқа керак. Шу боис мутолаани табиий ҳол, деб ҳисоблайман. Тўғри, китоб ўқишга ҳар ким турлича келади, китобхонлик ҳар кимда ҳар хил шаклланади.

Масалан, 3−4-синфлигимда 70 ёшли бобом олдимга чой-нон қўйиб, гўёки катта одамдан сўраётгандек илтимос қилиб, менга китоб ўқитарди. Ўзи бобомнинг иккита китоби бўларди: «Гўрўғлининг туғилиши» ва «Алпомиш». Мажбурликдан ўқиб берардим. Достонлар лиро-эпик асар-ку, «Гўрўғли Райҳонарабга қараб шундай деб турган жойи экан» деган жойининг давомидан шеър келади — шундай жойларини ташлаб, қисқа сюжетларини ўқишни яхши кўрардим. Бобом эса китобни ёддан билгани учун ортга қайтариб, шеърларини ўқитарди. «Бобомга бундан нима наф экан?», деб тушунмасдим. Мутолаага муҳаббатнинг илк уруғлари юракка ўшанда тушган бўлса керак.

Адашмасам, 6 ё 7-синфда Баҳриддин домла деган адабиёт ўқитувчимиз: «Ёзги таътилда ким қандай роман ўқиди?», деб сўраган. Мен роман ўқимаганман. Хидир деган синфдошим туриб: «Мен ўқидим, домла. Шуҳратнинг «Шинелли йиллар»ини ўқидим», деди. Ўшанда синфдошимга ҳавасми, ҳасадми, қанақадир ғайирлик билан қараганман. Қўшним бўла туриб, менга билдирмай шунча китоб ўқибди-я, деганман. Назаримда, шундан кейин синфдошлар билан мусобақалашиб, китоб ўқий бошладим. Мираҳмад дўстимнинг отаси мактаб директори эди, уйида кутубхонаси бор эди, ўзи саргузашт романларни яхши кўрарди — Артур Конан Дойлдан тортиб Граф Монте Кристогача ўқиб чиққан, сўрасангиз эртаю кеч ҳикоя қилиб бераверарди. Уларнинг кутубхонасидан, туман марказидаги биттагина китоб дўконидан китоб олиб ўқирдим.

8-синфда совхоз кутубхонасига борганимда — кутубхоначи рус аёлга ўзимни китобхон қилиб кўрсатгим келганми — «Жиноят ва жазо»нинг Иброҳим Ғафуров таржимасида чиққан янги нашрини олиб, ҳеч нимани тушунмаган бўлсам-да, уч кунда тўлиқ ўқиб, қайтариб олиб келганман. Кутубхоначи ҳайрон қолган: образлар эсимда қолган бўлса-да, жуда кўп нарсага эътибор ҳам бермаганман, тушунмаганман ҳам. Расколниковни ўзимча катта қаҳрамон деб билганман, Сония Мармеладовани дунёдаги энг чиройли образ деб тан олганман, лекин ғояларига аҳамият бермаганман. Расколников ўлдириб тўғри қилди, деганман. Кейинчалик шу соҳада ўқиганим учун, бу ҳақдаги юзлаб ишлар билан танишгач, баъзи тушунчалар шаклланган, деб ўйлайман. Ҳозиргача шу асарни такрор-такрор ўқиб юраман.

9-синфлигимда Чингиз Айтматовнинг саккизта қиссаси («Бўтакўз», «Биринчи муаллим», «Само йўли», «Жамила», «Оқ кема», «Алвидо, Гулсари») ва «Байдамтол соҳилларида» номли ҳикоялар тўпламидан иборат икки томлиги чиққан. Сариқ муқовали, Асил Рашидов таржимасидаги шу китоблар ҳозир ҳам уйимда турибди. Ўша кун учун ҳозиргача миннатдорлик билдираман: отам бошқа нарсага деб берган 4 сўм пулни китобга ишлатиб (ҳар бир китоб 1 сўм 90 тийиндан эди), Чингиз Айтматов билан ошно тутинганман. У вақтлар чиққан китобни қўймай ўқирдик, тонг отгунча ўқиб тугатардик. Кўпи эсда ҳам йўқ. Иброҳим Раҳимми, Ҳамид Ғуломми — бирорта китоб қолмаган. Парда Турсуннинг «Ўқитувчи» романларигача ўқиганман.

Вақт ўтиши билан «Шарқ юлдузи», «Ёшлик», «Гулистон» каби адабий-бадиий журналлар қишлоқларгача келадиган бўлди. «Шарқ юлдузи» журналида чиққан тақризларни ўқирдик — ўзинг ўқиган китоб ҳақидаги мақолани ютоқиб ўқийсан-ку барибир. «Мен яхши деб юрган романимни бўлмағурга чиқарибди-ку, шунақа ҳам бўларкан-да», деб ҳайрон бўлиб юрардик. Шу тариқа, китобларни саралаб ўқий бошладим.

Профессор Сувон Мелиев тўғри айтади: «Аслида сен китобни ўқимайсан, китоб сени ўқийди». Сиз билан ёзувчи ёзган асар ўртасида мусобақа кетади. Масалан, мен китоб дўконига кирсам, биринчи муаллифига қарайман. Чунки чегаралаб олган муаллифларим бор, ўшаларга тегишли бўлганини оламан. Яна кимдир китобнинг номига, сарлавҳасига қарайди, номи фавқулодда қизиқ кўринса, сотиб олади. Сиз ҳам мутолаани муайян билимларга таяниб, дунёқарашингиз, эстетик, бадиий дидингиз билан қуролланган ҳолда бошлайсиз: аввалига аннотациясини кўрасиз, кейин саҳифаларни варақлайсиз. Кутганларингизни оқлай бошласа, ёзувчи ютқазаётган бўлади. Ўқиганингиз сайин сизни қизиқтириб бораверса, кутилмаган жиҳатлари чиқаверса, ўзингизда кашф этмаган нарсаларни сизга кўрсатиб берса, мана бу китобхон ва ёзувчи ўртасидаги ҳақиқий мусобақадир. Асар сизни шу тарзда фавқулодда ҳаяжонга солади.

Мутолаага бир мубтало бўлдингми, буёғига умринг шу кунгача бой берилган вақтни қайтаришга уриниш билан ўтади. Масалан, биз мактабда 9 йил ўқиган бўлсак, ҳар йили уч ойимиз пахтада ўтарди. Баҳорда кўчат, тозалаш ишларига, май ойида чопиққа чиқардик. Ўқисак уч ойгина ўқирдик — бизга алоқаси йўқ ишлар билан шуғулланганмиз, ўқиш қолиб кетаверган, бой берилган вақтимиз кўп бўлган. Ҳозир-чи, ўқимоқчимисан — марҳамат! Аммо, қанча енгиллик бўлса, одам шунча кўп чалғийдими, билмадим — мутолаа даражаси пастроқ, шекилли.

Ёшларда мутолаага нисбатан кўникма ҳосил қилиш керак, назаримда. Айни вақтда, китоб ўқишга мажбурлаб бўлмайди. Борхес: «Бировни мажбурлаб севдириб бўлмайди» дегани каби, мажбурлаб китоб ҳам ўқитиб бўлмайди. Мен буни педагоглик фаолиятимдан келиб чиқиб айтяпман. Қандай мажбурлайсиз? Мажбурлаган билан у китобни бир ҳисобот учун, баҳо олиш учун шунчаки ўқиб келса, бундан нима наф? Масалан, кенжа ўғлимни мажбурлаб ҳам ўқитолмайман — ваҳоланки катталарининг бари китобхон.

Дарсга кирганда ҳам сўрайман, гоҳо ҳазиллашиб, 20 муаллифни санаб: «Шулардан бирортасини ўқиган бўлсанглар ҳам ортиқча савол бермай, баҳоингни қўйиб бераман», дейман. Йўқ, ўқимаган. Айримлари асар асосида олинган фильмини кўрган бўлса ҳам ўзини ўқиганман. Масалан, биринчи курс талабалари орасида бирортаси «Ўткан кунлар»ни ўқимаган, ўқиган бўлса ҳам мактаб ўқув дастурида берилган парчани ўқиган, холос. Ваҳоланки, ҳозирги ёшларда «китобни тополмадим» деган баҳонага ўрин ҳам йўқ — ҳаммаёқ қулайлик, аудиокитоблар чиқиб кетган, хоҳла телефонинг, планшетинг, бук-ридерингга юклаб олиб ўқи.

Тавсиялар

Аввало, китобхон сифатида талабларим катта. Ёшлигимда кўпроқ психология йўналишидаги китобларга эътибор қаратган бўлсам, ҳозир ҳақиқий санъат асарларига — аллалаб, ҳам эстетик завқ, ҳам интеллектуал билим берадиган, ҳам муносабатларингизни, дидингизни баландлатадиган китобларга аҳамият бераман. Бошқаларга ҳам шундан келиб чиқиб тавсия қиламан.

акбар нурматов, китоб, китобхонлик, мутолаа, нима ўқиймиз, тавсия

Айни вақтда, шундай одатим бор — юқорида ҳам таъкидлаганимдек, ўқиган китобимни қайта ўқишга ружу қўйганман. Бир сафар Бернард Шоудан: «Инжил ҳақиқатан ҳам муқаддас китобми, илоҳий руҳ томонидан яратилганми?», деб сўрашганда, у шундай жавоб берган экан: «Ҳар қандай китоб, агар уни қайта ўқишга арзиса, илоҳий руҳ томонидан яратилган». Адабиётнинг кучи шундаки, у сизни бир умр ўзига мафтун қилиб, боғлаб қўяди, ҳар гал мутолаада олам-олам завқ оласиз. Тўғри, мутолаа ҳар ёшда турлича бўлиши мумкин, лекин қайта-қайта ўқишга мажбурсиз. Менда доим шундай эҳтиёж бор. Масалан, «Ўтган кунлар», «Меҳробдан чаён»ни ҳар уч-беш йилда ҳеч йўғи аудиосини эшитаман, ҳар сафар бир янгилик оламан. Ҳар йили Достоевскийнинг бирор китобини қайта ўқиб чиқаман.

Бир вақтнинг ўзида, кайфиятга қараб, турли китобларни ўқийман. Румий ёки Навоий асарларини мутолаа қиламан, баъзан «Лисон ут-тайр»ни қўлимга оламан, аслиятда ўқишга ҳаракат қиламан — ўзгача бир завқ беради. Ўзи Навоийни доимо ўқиб туриш керак. Бир кунда ҳеч бўлмаса икки сатрини такрорласангиз ҳам яхши. Навоийнинг ҳам енгил, осон сатрлари, ғазаллари бор — ёдлаб такрорлаб юрсангиз, кейинчалик мағзи ҳам, таъми ҳам миянгизда айланиб чиқаверади, сизга завқ бағишлайди. Бу завқни ҳеч нимага алиштириб бўлмайди.

акбар нурматов, китоб, китобхонлик, мутолаа, нима ўқиймиз, тавсия

Абдулла Қодирийнинг нафақат романлари, балки публицистикасини ҳам мутолаа қилиш керак. «Отам ва болшевой» деган мақоласи бор — шу каби оддий мақолаларини ўқиб ҳам ҳайратга тушасиз. Сўз бойлиги шу қадар кучли — одам қандай қилиб бу завқдан бебаҳра юриши мумкин? Масалан, «Тошкентлик бойлар»да кўтарилган мавзу ҳозирги кунимизга тўғри келмайди, дейсизми? Қаранг, унча катта асар ёзиш ҳам шарт эмас экан — Фалончибойнинг характерини шундай чизиб кетади. Мақолада таърифлангани каби одамлар ҳозир ҳам теварак атрофимизда жуда кўп, балки ўзимиз ҳам ўшалардан биридирмиз, ким билсин.

акбар нурматов, китоб, китобхонлик, мутолаа, нима ўқиймиз, тавсия

Одил Ёқубов, Шукур Холмирзаев асарларини жуда яхши кўриб ўқиганман. Набижон Боқийнинг «Қатлнома»сини такрорлаб тураман — яқинда тўлдириб қайта чиқаришди. Охирги йилларда Темир Пўлатовнинг янги романлари, «Салбчилар нишондори»га, Ҳамид Исмоилнинг Англияда чиққан «Жинлар базми»га кўзим тушди. Садриддин Айнийнинг эсдаликларини эринмай, ўша даврни қайта кўз олдимга келтириб ўқиб чиқяпман. Соф бадиий асарлардан асосан олдин ўқиганларимни такрорлаяпман.

Аммо ўзбек адабиётининг сўнгги 10−20 йиллигини фаол кузатяпман, деб айтолмайман. Бу, албатта, камчилик. Ўқиш керак, муносабат билдириш керак.

Чет эл адабиётини ёшлигимдан мириқиб ўқийман. Менга қолса, чегаралаб ўтирмаган бўлардим: қандай қилиб Шекспирни, Сервантесни, Фолкнер ё Окутагавани ўқимаслик мумкин? Шу асарларни моҳир таржимонларимиз ўзбек тилига ўгирган. Ўзи таржима қилинмаган бирор асар ҳам қолмабди — ҳамма китобларни таржима қилишяпти.

акбар нурматов, китоб, китобхонлик, мутолаа, нима ўқиймиз, тавсия

Франс Кафка асарларининг тузилиши, композициясининг ўзиёқ бизни ҳайратга солган, Эрнест Ҳемингуэй асарларини ўқиганимизда ҳам яна мутлақо бошқача тасвир усулларини кўрганмиз. Чунки совет даврида бизда социалистик реализм методи асосида ёзилган асарларнинг деярли ҳаммаси деярли бир хил эди-да. Чўлпон ҳув 1920-йиллардаёқ: «Уни ўқийман — бир хил, буни ўқийман — бир хил. Бир хил, бир хил, бир хил. Аммо Робиндранат Тагор мени ҳайратга солди», дейди-ку. Ўзбек китобхонида 70 йил давомида шундай ҳолат бўлган.

Робиндранат Тагорнинг ҳар бир ҳикояси катта бир романга тенг, деган гап бор. Ёшлигимда шундай ҳикояларини ўқиганман. Лекин у вақтларда бизда сиёсий қарашлар чеклангани, танқидий фикрлаш, дунёга танқидий муносабатда бўлиш мумкин бўлмагани учун яхши тушунмаганман. Яқинда унинг «Гаурмахон» романи қўлимга тушиб қолди — 1966 йили ўзбекча ўгирилган экан. Ҳиндистоннинг мустақилликка эришишидан аввалги аҳволи шундай зўр тасвирланганки, кўп жиҳатдан ҳозирги кунимизга ҳам тўғри келади. Тагорнинг маърифий салоҳияти шу қадар юқорики, унинг ҳар бир сўзини ҳозир ҳам шиор сифатида илиб қўйса арзийди. Мумтоз асарларнинг мумтозлиги ҳам шунда — бугунги кунга тўлиқ мувофиқ келишида.

акбар нурматов, китоб, китобхонлик, мутолаа, нима ўқиймиз, тавсия

Ноам Хомскийни ўқияпман. Давлат тузилишлари ҳақида ёзганларидан қисқа-қисқа таржима ҳам қилиб қўйдим. Айниқса, социализм ғояси ҳақидаги рисоласи жуда ёқди. У социализм ёмон ғоя эмаслигини, унинг «казарма социализми», «либерал социализм», «демократик социализм», «классик социализм» ва ҳоказо турлари борлигини таъкидлайди, уларни эринмай Европа давлатлари мисолида тушунтиради. Дейлик, Совет Иттифоқида ҳарбийлашган ёки казарма социализми бўлгани, бу билан социализм ғоясининг обрўси жуда тушириб юборилганини қизиқ изоҳлаган. Социализм — барибир мафтункор ғоя, инсоният тараққиётида унга яна ва яна мурожаат қилишига тўғри келади, деб ёзган. Шу боис жуда қизиқиб ўқидим.

акбар нурматов, китоб, китобхонлик, мутолаа, нима ўқиймиз, тавсия

Яқинда Бенедикт Сарновнинг «Сталин ва ёзувчилар» номли, хат ва ҳужжатлардан иборат катта китобини кўриб қолдим. Сталиннинг ўша даврдаги жамики шоир-ёзувчилар билан ёзишмалари, партия Марказий қўмитаси ёзувчи Михаил Булгаковнинг ишламай юрганигача эътибор бериб, буни муҳокама қилгани, Максим Горкийнинг қаерга бориб, нималар қилаётгани, унинг ортидан қандай хатлар тушгани, Сталин буларнинг ҳеч бирини эътиборсиз қолдирмаганини ўқиб, ҳайратга тушдим. Ҳокимият адабиёт аҳлининг зиғирча ҳаракатини ҳам эътибордан четда қолдирмаганини ўқиб, ҳайрон қоласиз.