Марказий банк мамлакатда молиявий барқарорликни таъминлаш, ортиқча қарз юкининг олдини олиш мақсадида бир қатор макропруденциал ва пруденциал чоралар кўргани ва кўришни режалаштираётганини маълум қилди. Хусусан, регулятор қарз юки бўйича талабларни барча кредитлар кесимида жорий этмоқчи, дея хабар берди 4 январь куни Марказий банк ташкил қилган медиа-мулоқотда қатнашган «Газета.uz» мухбири.

Маълумот ўрнида, 2023 йилнинг январь-ноябрь ойларида банклар томонидан 38,4 трлн сўмлик истеъмол кредитлари берилган бўлиб, шундан 90,2 фоизи автокредитлар ҳисобланади. 2022 йилда ҳам деярли худди шундай кўрсаткич бўлган — 90,1 фоиз. Автомобиль сотиб олиш учун ажратилган кредитлар ҳажми икки бараварга ошган — 17,4 трлн сўмдан 34,6 трлн сўмгача (2022 йил январь-ноябрь ва 2023 йил кўрсаткичларини солиштирганда).

Марказий банкнинг 2023 йилнинг биринчи ярмидаги молиявий барқарорлик шарҳида автокредитлаш ҳажмининг ўсишидан хавотирлар билдирилган, уларнинг ўсиши умумий кредитлаш ўсиш суръатларидан бир неча баравар юқори бўлган.

Марказий банк маълумотларига кўра, бу автокредитлашнинг концентрация даражасини оширади, банкларни тебранишларга нисбатан заифроқ қилади ва кредитларни қайтариш интизомининг ёмонлашишига ҳамда инқироз ёки автомобилларнинг эскириши даврида кредитларнинг сезиларли даражада йўқотилишига олиб келиши мумкин.

Бундан ташқари, банклар томонидан автокредитлар бериш талаблари юмшатилгани натижасида автокредитлашнинг юқори ўсиш суръатлари автомобиль бозорида талаб ҳажмини қўшимча равишда рағбатлантирди. Ҳозирги юқори талаб ва импорт қилинадиган божхона ставкаларининг юқорилиги шароитида ички таклифнинг чекланганлиги нархларнинг ошишига ва автомобилларнинг асосий жамғарма активларидан бири сифатида шаклланишига сабаб бўлмоқда. Шу билан бирга, автомобилларнинг сармоявий жозибадорлиги ошгани сайин спекуляция кучаяди.

марказий банк, қарз юки

Автомобиль кредитлари бўйича қарзга хизмат кўрсатиш коэффициенти 13 фоиз пунктга ўсди — 56 фоиздан 69 фоизгача (2023 йилнинг биринчи ярми якунлари бўйича 2022 йилнинг шу даврига нисбатан), яъни қарз олувчилар кредит ва фоизларни тўлаш учун ўртача шунча даромадини ажратмоқда.

Таққослаш учун: ушбу даврда ипотека кредитлари бўйича қарзга хизмат кўрсатиш коэффициенти 36,7 фоиздан 46 фоизгача ўсди, микрокредитлар бўйича эса 12 фоиздан 10 фоизгача пасайди.

марказий банк, қарз юки

Бундан ташқари, LTV коэффициенти — кредит суммасининг гаров қийматига нисбати ҳам ўсди, бунга автокредитлар бўйича дастлабки тўлов миқдорининг камайиши сабаб бўлди. Бу кўрсаткич 81 фоиздан юқори, яъни харидорлар 19 млн сўм бошланғич бадал тўлаган ҳолда 81 млн сўм кредит олиб, 100 млн сўмлик автомобиль сотиб олишлари мумкин эди.

Бундай ҳолда, автомобиль бозорида нархларнинг ёки қарз олувчиларнинг даромадларининг пасайиши банклар учун катта йўқотишларга олиб келиши мумкин, деб таъкидлади Марказий банк.

Автокредитлар бўйича юқори фоиз ставкалари 24 фоиз даражасида сақланиб қолганига қарамай, ўртача кредит муддати 3,8 йилдан 4,4 йилгача ошгани аҳолининг харид қобилиятини рағбатлантирди.

Эндиликда кредит фоизи ўрнига қарз олувчининг қарз юки даражаси (DSTI) ва кредитнинг гаровга (таъминот) нисбатига асосланган талаблар жорий этилади.

Қарз юки бўйича талаб Ўзбекистонда ҳозиргача фақат микроқарзлар учун амал қилган бўлиб, 50 фоизни ташкил этган. 2024 йил 1 июлдан барча кредитларни беришда (микроқарзлар учун ҳам) қарз берувчиларга мижозларининг қарз юки 60 фоиздан ошиб кетмаслиги талаби қўйилади. 2025 йил 1 январдан эса бу кўрсаткич 50 фоизгача пасайтирилади.

Бундан ташқари, регулятор қарз юки бўйича талабда истиснолар ҳам бўлишини маълум қилди. Унга кўра, банк кредит портфелининг 15 фоизигача бўлган қисмигача қарз олувчининг қарз юки кўрсаткичини инобатга олмасдан кредит ажратишга рухсат берилади.

Рухсат этилган миқдор қарз юки бўйича талабни инобатга олмасдан ажратилган кредитлар сонини барча кредитлар сонига бўлиш орқали аниқланади.

Регулятор қарз юки ҳисоб-китобини барча кредитлар кесимида жорий қилиш орқали қуйидаги мақсадларга эришмоқчи эканини қайд этди:

  • аҳоли даромадларини расмийлаштириш;
  • кредитлашда даромади расмийлаштирилган қарз олувчилар рағбатлантирилиши;
  • норасмий даромадларни баҳолаши формаллаштириш;
  • банкларни масъулиятли кредитлашга (responsible lending) жалб этиш.

Регулятор мазкур макропруденциал чора халқаро тажрибада мавжуд экани таъкидлади.

марказий банк, қарз юки

Қарз юки кўрсаткичи кредит (микроқарз) бўйича ўртача ойлик тўловлар миқдорининг ўртача ойлик даромад миқдорига нисбати орқали аниқланади.

Даромадларни ҳисоблашда қуйидагилар ҳисобга олинади:

  • иш ҳақи тўғрисидаги маълумот;
  • пенсия миқдори тўғрисидаги маълумот;
  • жамғариб бориладиган пенсия бадаллари тўғрисидаги маълумот;
  • банк ҳисобварақларига тушган даромадлар тўғрисидаги маълумот;
  • тўланган солиқлар тўғрисидаги маълумот;
  • фоизлар, дивидентлар, мол-мулкни ижарага беришдан олинган даромадлар тўғрисидаги маълумотлар;
  • охирги 6 ой давомида олинган доимий тарздаги даромадларини акс эттирувчи маълумотлар.

Тўловларни ҳисоблашда эса қуйидагилар инобатга олинади:

  • кредит (микроқарз)нинг тўлиқ қиймати;
  • фоизлар;
  • шартнома тузиш вақтида маълум бўлган бошқа тўловлар.

Қарз олувчилар қарз олувчининг ўзи, биргаликда қарз олувчи ва кафил ҳисобланади. Шунингдек, кредит муддати 36 ойдан ошганда, ўртача ойлик тўловлар миқдори ҳисоб-китобида 36 ойга тенг тақсимланади (ипотека кредитларида 120 ой).

Регулятор кредитнинг гаровга нисбати (LTV) бўйича ҳам талаблар жорий этмоқда. Бу миқдор жисмоний шахслар ипотека кредитлари учун 80 фоизни, жисмоний шахслар автокредитлари учун эса 75 фоизни ташкил этади. Бу ерда ҳам банклар ўз кредитларининг 85 фоизини LTV`ни инобатга олиб, қолган 15 фоизини эса буни инобатга олмасдан, ўзининг риск аппетитидан келиб чиқиб ажратиши мумкин бўлади.

марказий банк, қарз юки