Тошкентда 2024 йилнинг январь ойида иккиламчи бозордаги уй-жойларнинг ўртача нархи 2023 йилнинг январь ойига нисбатан деярли 20 фоизга ошди, дейилади Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказининг кўчмас мулк бозори бўйича шарҳида.

Январь ойининг ўзида пойтахтдаги иккиламчи уй-жойларнинг ўртача нархи деярли ўзгармаган ва бир квадрат метр учун 1122 долларни ташкил этган. Бектемир, Сергели ва Яшнобод туманларида нархлар бироз ошгани қайд этилган.

Умуман, мамлакат иккиламчи уй-жой бозори йил бошидан бери 1,6 фоизга ўсган. Энг сезиларли ўсиш Хоразм, Тошкент ва Андижон вилоятларида қайд этилган.

Инфографика: Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказиИнфографика: Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази

Марказ Ўзбекистонда кўчмас мулк бозори барқарорлигича қолаётганини қайд этган. Ижара бозорида талаб пасайишда давом этмоқда. Таҳлилчилар мавсумий пасайиш кузатилаётганига қарамай, Учтепа, Бектемир ва Сергели туманларида фаоллик ошганини қайд этган.

Январь ойида Ўзбекистонда қарийб 22 мингта уй-жой сотилган, бу 2023 йилнинг шу даврига нисбатан 20 фоизга кўп.

Уй-жойлар савдоси Хоразм (75 фоиз), Сирдарё (51 фоиз), Самарқанд (48 фоиз) ва Сурхондарё (42 фоиз) вилоятларида сезиларли даражада ошгани қайд этилган.

Инфографика: Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказиИнфографика: Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази

Январь ойида Тошкентда уй-жой ижара нархлари пасайишда давом этди. Умуман олганда, йил бошидан буён пойтахтда ўртача ижара нархи 2,2 фоизга пасайди ва 1 квадрат метр учун 9 долларни ташкил этди.

Эътиборлиси, Учтепа, Бектемир ва Сергели туманларида ижара ҳақи мос равишда 3,4 фоиз, 2,1 фоиз ва 1,1 фоизга қимматлагани қайд этилган.

Шайхонтоҳур ва Мирзо Улуғбек туманларида ижара ҳақи сезиларли даражада пасайган, бу ҳудудларда ижара нархи 5 фоиздан кўпроққа арзонлаган.

Шайхонтоҳур, Яккасарой ва Миробод туманларида нархлар бироз пасайганига қарамай, бу ерда энг юқори нархлар сақланиб қолмоқда, уй-жойни ижарага олиш ҳар квадрат метр учун ўртача 11 долларни ташкил этади.

Нисбатан арзон ижара нархлари Учтепа, Сергели ва Бектемир туманларида қайд этилган — 1 квадрат метр учун 6 доллардан 8 долларгача.

Эслатиб ўтамиз, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази аввалроқ 2023 йилда Тошкентда ўртача ижара нархи 10,2 фоизга пасайгани ҳақида маълумот берганди.