Бухоро вилоятида юқори кучланишдаги 2 та электр узатиш тармоғида юз берган носозлик тўлиқ бартараф этилди. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Энергетика вазирлиги ахборот хизмати маълум қилди.

Қайд этилишича, 21 февраль куни соат 15 дан 10 дақиқа ўтганида 17 февраль куни Бухоро вилоятида кучли шамол натижасида юқори кучланишдаги 2 та электр узатиш тармоғида юз берган носозлик тўлиқ бартараф этилди.

«Қарийб тўрт кун давомида ноқулай об-ҳаво шароитларида мураккаб кечган таъмирлаш-тиклаш ишларида „Ҳудудий электр тармоқлари“ акциядорлик жамияти ҳамда „Ўзбекистон миллий электр тармоқлари“ акциядорлик жамиятининг 9 та махсус бригада таркибидаги 83 нафар ходими 12 та машина, шунингдек бошқа техника механизмлари билан фаоллик кўрсатишди. Шунингдек, маҳаллий ҳокимликлар, вилоят ички ишлар ҳамда фавқулодда вазиятлар бошқармаларининг кўмаги катта бўлди. Махсус штаб тузилиб, иш 24 соатлик режим асосида йўлга қўйилди», — дейилади хабарда.

Ушбу носозлик сабаб электр энергияси етказиб беришда чекловлар жорий этилганди. Вазирлик мавжуд вазиятдан келиб чиқиб, ҳолат яхши томонга ўзгаргунга қадар бугун ҳам куннинг тиғиз пайтларида маълум миқдорда чекловлар киритилиши мумкинлигини қайд этди.

Маълум қилинишича, 21 февраль куни барча электр станциялар орқали жами 246,8 млн кВт·соат, режадагига нисбатан 5 фоиз кўп электр энергияси ишлаб чиқарилган. Бунинг учун иссиқлик электр станцияларида 41,9 млн кубометр табиий газ, 23,5 минг тонна кўмир ҳамда 12 минг тонна мазут ёқилган.

Эслатиб ўтамиз, 21 февраль куни Тошкент шаҳри ҳаво ифлосланиши бўйича дунё етакчилари қаторидан жой олди.