Чоршанба куни эрталаб соат 8:00 да Тошкент атмосфера ҳавосидаги майда PM2,5 заррачаларининг миқдори 140,3 мкг/м3 ни ташкил этиб, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсияларидан 28,1 марта (5 мкг/м3) ошиб кетди. Бу ҳақда Ўзгидромет хабар берди.

Соат 9:00 да, IQAir жаҳон хизмати маълумотларига кўра, PM2,5 ифлосланиши 196,5 гача ошди, бу ЖССТ тавсия қилган стандартдан 39,3 баравар юқори.

Ушбу хизмат томонидан тузилган жаҳон шаҳарлари рейтингида Тошкент яна «жуда зарарли» ҳаво билан биринчи ўринга чиқди, бироқ бу сафар каттароқ фарқ билан. Ҳаво сифатида 247 кўрсаткич (соат 10:00 ҳолатига кўра) билан шаҳар Лаҳор (195), Деҳли (178), Дакка (167), Бишкек (162), Ханой (155), Янгон (153) ва Жакарта (152) шаҳарларини ортда қолдирди.

Ўзбекистон пойтахтидаги хонадонлар ва офислардаги датчиклар ҳам ҳавонинг юқори даражада ифлосланишини кўрсатмоқда. Шу билан бирга, PM2,5 кўрсаткичлари сезиларли даражада фарқ қилади (масалан, одатдаги 10−20 ўрнига 70).

Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида яшовчилар эрталаб ҳавода кучли куйинди булути шаклланганидан шикоят қилди. Бу шаҳарнинг маркази ва бошқа ҳудудларида ҳам сезилди.

19 февраль куни Энергетика вазирлиги матбуот хизмати мамлакатда электр энергияси ишлаб чиқариш учун 12,1 минг тонна мазут ёқилганини маълум қилди, бу аввалги кунга нисбатан 1400 тоннага кўп — бир кун аввал бу миқдор 10,7 минг тонна эди.

Иқлимшунос Эркин Абдулаҳатов 20 февраль куни кечқурун Ўзбекистон ҳудудига келаётган уч кунликда антициклон шароити кенг масштабда таъсир этиб, об-ҳаво шароитида ҳавони ифлослантирувчи моддаларнинг ҳавода муаллақ туриб қоладиган муҳитини яратиши мумкинлигини таъкидлади.

Қайд этиш керакки, қор ёғган кунларда Тошкент кўчалари ва уйларнинг кириш йўлларига қор ва музларни эритиш учун қум-туз аралашмаси, кўп жойларда эса шунчаки тупроқ сочилди. Ер қуригач, сочилган аралашмалар ҳавода қўшимча чанг ҳосил бўлишига олиб келади.

Янгилик эълон қилинган вақт (11:30)га келиб, Тошкент ҳаво ифлосланиши бўйича дунёда бешинчи ўринга тушди, Деҳли биринчи ўринга кўтарилди.