Андижон шаҳри Кенгаши депутати Жаҳонгир Жиянов сотиб олинган айрим дарахт кўчатлари нархи ошириб кўрсатилгани ва шаҳар ободонлаштириш бошқармаси харажатлари бўйича маълумотларда фарқ борлигини маълум қилди.

У Андижон шаҳри ободонлаштириш бошқармаси харажатларини аниқлаш мақсадида учта давлат ташкилотига хат йўллаб, турли хил маълумотлар олган. Бошқарманинг ўзи сўровга жавобан 2023 йилда давлат бюджетидан 52,73 миллиард сўм харажат қилинганини маълум қилган. Шаҳар ҳокимлигининг иқтисодиёт ва молия бўлими маълумотларига кўра эса, бу рақам 54,66 миллиард сўмни ташкил этади. Шу билан бирга, Ғазначилик хизмати бўлимининг маълумотлари ҳам турлича — 56,95 миллиард сўм.

Жаҳонгир Жиянов ўзининг «Соядаги сиёсатчилар» Telegram-каналида учта давлат ташкилоти маълумотлари 4 миллиард сўмдан ортиққа фарқ қилаётганини маълум қилди. Худди шу фарқ 2022 йил учун харажатларда ҳам кузатилган. «Ёлғонлар шаҳрида ёлғонлар давом этади!» — деб ёзган у.

Депутат вазиятга ҳуқуқий баҳо бериш учун прокуратурага хат юборган.

жаҳонгир жиянов

Бундан ташқари, товар-хом ашё биржаси (UzEx) портали маълумотларига таяниб, у Андижон шаҳри ободонлаштириш бошқармаси томонидан қарийб 2 миллиард сўмга 3 дона манзарали кўчатлар сотиб олингани ҳақида маълум қилди. Жумладан, раҳбарият томонидан ҳар бир декоратив ўсимликлар қаламчалари учун ЯТТ «Тахиров Абдулвохид Василович»га 598,7 миллион сўм, ЯТТ «Насирдинова Мухайёхон Одилжон қизи»га 698,6 миллион сўм ва «Гуллар ва ландшафт» МЧЖга 698,7 миллион сўм тўлаб берилган.

Депутат ободонлаштириш бошқармасига экилган дарахтлар сони тўғрисида сўров юборган ва бошқарманинг жавобида бу кўчатлар ҳақида маълумот йўқлигини аниқлаган. Давлат идораси шаҳарда кўчат экиш учун атиги 121 миллион сўм ажратганини маълум қилган.

Андижон шаҳри ҳокими Ғофуржон Абдураҳмонов 2023 йилда Андижон вилояти бюджетига республика бюджетидан 15 миллиард сўм кредит ажратилгани ҳақида маълум қилган. Шундан 2 миллиард сўми шаҳарнинг марказий кўчалари ва майдонларига манзарали дарахт ва гул кўчатлари экиш қарзларини қоплаш учун шаҳар бюджетига ўтказилганди.

Унга кўра, тадбиркор Абдулвохид Тахиров ва «Гуллар ва ландшафт» корхонаси томонидан 1 миллиард 990 миллион сўмлик 83 турдаги 5 минг 235 туп дарахт, мавсумий гуллар экилган.

Ҳоким ҳужжатларда «биржада тасдиқланган» техник хатолик борлигини айтган.

«Soyadagi siyosatchilar блогеримиз шошиб, бу ерда айтяпти, битта дарахтни 700 миллион [сўм]га олган деб… Бу техник хато бўлган, биржадан ҳам хат билан «подтверждения»сини олиб келяпмиз. Тегишли ҳуқуқ-тартибот идораларидан илтимос қилардик, ўрганиб, белгиланган тартибда ким айбдор [экани ҳақида] хулоса қилдириб берса керак. Биржага кирганда қайси дарахт неча пулдан олингани кўриниб турибди. Бу кирмасдан, қарамасдан, битта дарахтни 700 миллион сўмга олди, деб, шаҳар ҳокимини, вилоят ҳокимини обрўсизлантириш, давлатни обрўсизлантиришдир… Ҳамма Худодан қўрқади. Дунё бор, жазо бор, қонун бор бизда. Давлатимиз раҳбари: «қонун устуворлиги — жазонинг муқаррарлиги», — деб айтади», — деди у.

Андижон шаҳри ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи Рўзивой Акбаров ҳам тузилган шартномалар орқали аниқлаш мумкин бўлган техник хатолик ҳақида гапирди.

Шаҳар ҳокимлиги матбуот хизматининг аниқлик киритишича, ободонлаштириш бошқармаси электрон давлат харидлари тизими (etender.uzex.uz) орқали манзарали ва игнабаргли дарахтлар, шунингдек, мавсумий гуллар (лот рақамлари 243122, 24311, 243163) сотиб олиш учун танлов эълон қилган.

Депутат ҳокимнинг 2022 йилда Андижонда кўчат экиш ҳақидаги сўзларига жавобан прокуратуранинг 2023 йил 30 январдаги хатини илова қилди. Хатда 284,4 млн сўмлик 207 та қимматбаҳо манзарали дарахт экилмагани сабаб ободонлаштириш бошқармаси мансабдор шахсларига нисбатан жиноят иши қўзғатилгани айтилган.

Пайшанба куни у экишдан олдин қуриб қолган гул кўчатлари видеосини ҳам жойлаштирди. «Бюджет — бу халқ пули! У пулни эгалари сўрашга хақли», — деди у.

Ўтган ёзда экология вазири Азиз Абдуҳакимов «Яшил макон» дастури доирасида 2 миллион туп кўчат рўйхатга олинганини маълум қилган эди. Шунингдек, 1,8 миллион туп кўчатга тегишли масъуллар бириктирилмаган, суғориш тизимлари мавжуд бўлмаган ҳудудларга 7,3 миллион туп кўчат экилган.

2022 йил февралида президент Ўзбекистондаги барча раҳбарлар қўшиб ёзишларга ўрганиб қолганини таъкидлаган эди. У бош вазир ўринбосари Ачилбай Раматов ва бош вазирнинг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари (ҳозирда президент маслаҳатчиси) Шуҳрат Ғаниевни тилга олганди. «Биз [бунча дарахт] экмаганмиз. Майли, 75 миллион эмас, 50 миллион бўлсин, лекин ҳаммаси адолатли бўлсин. Йўқ, Раматов ҳам, Ғаниев ҳам президентга: „Бажардик“, „Хўп бўлади, қиламиз“, деб айтишга одатланган», — деганди у.