Panorama Airways билан ҳамкорлик қилиб, Умра зиёратига минглаб ўзбекистонликларни Саудия Арабистонига олиб бориб, уларни қайтариб келмаган 39 та турфирмага жиноят иши қўзғатилган. Бу ҳақда Транспорт прокуратурасининг Туризм қўмитасига ёзган хатида маълум қилинган. Хат нусхаси дастлаб тармоқларда тарқалди, унинг ҳақиқийлигини Бош прокуратура «Газета.uz»га тасдиқлади.

panarama airways, турфирма, умраpanarama airways, турфирма, умра

Ҳужжатда қайд этилишича, Транспорт прокуратураси Туризм қўмитасидан туризм фаолиятини амалга ошириш билан шуғулланувчи «Gulbakhor Airways», «Mabrur Tur», «Ravza Tur», «Ramazon Travel», «Fayz Turizm», «Hizmat Travel», «Toyib Tur», «Ark Tur», «Zaytun Travel», «Maxbub Tour», «Muhtasham Travel», «Marjon Tur», «Ixsan Travel», «Exrom Tur», «Madinax», «Di Travel», «Risola Travel», «Maroqand», «Hiro Tur», «Najot Tour», «Labbaik Travel», «City Gloud», «Ajva», «Global Tur», «Osiyo Tur», «Brend Tur», «Qibla Travel», «Musaffo», «Ummat uchun», «Sayyor Sayohat», «Maya Tur», «Sulton Travel», «Musaffirun, «Air Fayz», «Mubin Tur», «Road Silk», «Ziyo Tur», «Makon Yunayted» ва «Mahdiy Travel» турфирмаларининг фаолиятини вақтинча тўхтатиб туришни сўраган.

Бунга сабаб сифатида ушбу турфирмаларнинг мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан қўзғатилган жиноят иши юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани айтилади.

«Жиноят иш ҳужжатларига кўра, Panorama Airways ва юқорида қайд этилган туризм фаолиятини амалга ошириш билан шуғулланувчи бир нечта тадбиркорлик субъектлари Умра тадбирлари учун 3 931 нафар Ўзбекистон фуқаросининг жуда кўп миқдордаги пулларини алдаш ва ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан қўлга киритиб, уларни Саудия Арабистондан Ўзбекистонга қайтармаган», — дейилади хатда.

Аввалроқ, Panorama Airways хусусий авиакомпанияси мансабдор шахсларига нисбатан қўзғатилган жиноят иши доирасида бир киши қамоққа олингани ҳақида хабар бергандик.

Эслатиб ўтамиз, Туризм қўмитаси Panorama airways хусусий авиакомпанияси томонидан парвозларнинг кечикиши туфайли ўзбекистонлик зиёратчиларнинг Умра сафаридан қайта олмаётгани юзасидан баёнот берганди. Унда хизматларни сифатсиз кўрсатилганидан жабр кўрган зиёратчиларга моддий ва маънавий зарар суд қарори билан ундириб берилишини эслатиб ўтилганди. 5 февраль куни компания 2−4 февраль кунлари 3000 дан ортиқ йўловчи уйларига қайтганини маълум қилди.