Тармоқларда Panorama airways томонидан парвозларнинг кечикиши туфайли ўзбекистонлик зиёратчиларнинг Умра сафаридан қайта олмаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Бу юзасидан Туризм қўмитаси баёнот берди.

Қўмитаси лицензиясиз Умра хизматларини тақдим этган компаниялар ҳақида ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим этилаётганини билдирди.

«Афсуски хозирги пайтда айрим „тадбиркорлар“ томонидан Умра тадбирларини амалга оширишда етарли тажриба ва кўникмаларга эга бўлмай, Умра лицензиясини олмасдан фуқароларимизнинг ишончига кириб, ноқонуний равишда ишлаб келиши учрамоқда. Туризм қўмитаси томонидан бундай маълумотлар ҳуқуқий баҳо бериш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим этилмоқда», — дейилади хабарда.

Қайд этилишича, Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 8 августдаги 345-сонли Умра тадбирларини ташкил этиш ва ўтказишда зиёратчиларнинг манфаатларини самарали ҳимоя қилиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинган.

Қарорга мувофиқ, туристик фаолиятни амалга ошириш лицензияси чиқиш туризми кичик турининг Умра хизматларини кўрсатиш фаолияти бўйича қуйидаги қўшимча лицензия олиш учун талаблар ва шартлар жорий этилган эди:

  • Умра хизматлари давомида зиёратчиларнинг гуруҳ раҳбари этиб Ўзбекистон мусулмонлари идораси билан тузиладиган шартнома асосида унинг диний билим ва кўникмаларга эга бўлган мутахассисларини тайинлаш;
  • Умра хизматларини кўрсатувчи туроператор штатида диний (исломий) таълим йўналишлари бўйича республика таълим муассасаси ёки Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг тегишли бакалавриат таълим йўналиши ёхуд магистратура мутахассислиги битирувчиси бўлган камида бир нафар мутахассиснинг бўлиши;
  • Умра хизматларини вояга етмаган фуқароларга кўрсатмаслик;
  • Умра хизматларини Саудия Арабистони Подшоҳлигидаги ҳамкор ташкилот ўртасида имзоланадиган шартномага мувофиқ амалга ошириш;
  • 100 минг АҚШ долларидан кам бўлмаган маблағларни Туризм қўмитасининг Хавфсиз туризм жамғармасига захира қилиб қўйиш. Мазкур захирадан туроператор томонидан Умра хизматларини сифатсиз кўрсатишидан жабр кўрган зиёратчиларга етказилган моддий ва маънавий зарар ўрнини қоплаш учун суд қарорига мувофиқ фойдаланилади.

Агентлик Умра хизматларини сифатсиз кўрсатишидан жабр кўрган зиёратчилар ўрнатилган тартибда мурожаат этишлари мумкинлигини ҳамда уларга етказилган моддий ва маънавий зарар суд қарорига мувофиқ ундириб берилишини эслатиб ўтган.