Panorama Airways хусусий авиакомпаниясининг исми ошкор этилмаган амалдори ҳибсга олинди. Бу ҳақда 7 февраль куни Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси Транспорт прокуратураси томонидан ўзбекистонликларни Умра сафаридан қайтариш чораларини кўрмаган ҳамда бошқа жиддий қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйган хусусий авикомпания мансабдор шахсларига нисбатан қўзғатилган жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Жиноят иши доирасида 1 нафар шахсга нисбатан «қамоққа олиш» эҳтиёт чораси қўлланилган. Бош прокуратуранинг «Газета.uz»га маълум қилишича Жиноят кодексининг 168 (Фирибгарлик) ва 192−11-моддалари (Нодавлат тижорат ташкилотида ёки бошқа нодавлат ташкилотида мансабдор шахслар томонидан ўз ваколатларини суиистеъмол қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

«Иш бўйича ҳақиқатни аниқлашга тўсқинлик қилиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида бошқа тафсилотлар ошкор қилинмайди», — дейилади хабарда.

Аввалроқ Туризм қўмитаси Panorama airways хусусий авиакомпанияси томонидан парвозларнинг кечикиши туфайли ўзбекистонлик зиёратчиларнинг Умра сафаридан қайта олмаётгани юзасидан баёнот берганди. Унда хизматларни сифатсиз кўрсатилганидан жабр кўрган зиёратчиларга моддий ва маънавий зарар суд қарори билан ундириб берилишини эслатиб ўтилганди.

5 февраль куни компания 2−4 февраль кунлари 3000 дан ортиқ йўловчи уйларига қайтганини маълум қилди.

«Биз ўз рейсларини кутаётган йўловчиларни тезроқ жўнатишини ташкил этиш учун барча саъй-ҳаракатларимизни амалга оширмоқдамиз», — дейилади хабарда.

Февраль ойи бошида қўмита Умра зиёратига жўнатувчи FAYZ TOUR TRAVEL, MARYAM TRAVEL-AGENCY, MAHBUB TOUR, RAMAZAN TRAVEL SAYOHAT компанияларини қонунбузарликлар учун огоҳлантирганини маълум қилди. XURMO TRAVEL UMRA компаниясининг тегишли лицензиясиз Умра зиёратини ташкил қилганлик учун фаолияти 10 кунга тўхтатилди.

2021 йилда ташкил этилган Panorama Airways 2022 йил 22 декабрь куни Тошкент — Урганч — Тошкент йўналиши бўйича ўзининг илк тижорий парвозини амалга оширганди.