20 февраль куни Шавкат Мирзиёев ижтимоий ҳимоя бўйича видеоселектор йиғилишида ногиронлиги бор фарзандини парваришлаш нафақасини олиши мумкин бўлган 33 минг ота-она бу имтиёздан фойдаланмаётганини таъкидлади.

Президентнинг таъкидлашича, бунга ижтимоий ҳимоя тизими билан 250 та хизмат қамраб олинган бўлса-да, маҳалладаги аҳоли уларнинг ярмидан ҳам хабардор эмаслиги сабаб бўлмоқда.

Шавкат Мирзиёев, шунингдек, рақамлаштириш ҳисобига, ўрнидан тура олмайдиган, ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз 2 минг кишига ёрдам кўрсатиш йўлга қўйилганини айтди.

«Масалан, Навоий шаҳрида яшайдиган ногиронлиги бор ёлғиз аёлни 12 ёшли фарзанди мактабга чиқмасдан парваришлаб келаётган эди. Унга ижтимоий кўмакчи бириктирилиб, уйида хизмат кўрсатиш йўлга қўйилгани сабаб фарзанди мактабга чиқиб, оиланинг ижтимоий аҳволи яхшиланмоқда», — деди у.

Давлат раҳбари соҳадаги баъзи камчиликларни санаб, 20 дан ортиқ идоранинг ижтимоий ҳимоя борасидаги фаолияти ҳужжатларда пухта ўйланмасдан, бетартиб белгиланганини кўрсатиб ўтди. Ҳудуд раҳбарлари ҳам муҳтож оилалар билан манзилли ишламай, пул ва озиқ-овқат бериш, маиший техника совға қилиш билан чекланиб келганини қайд этди.

«Эски ижтимоий ҳимоя тизимида одамларга умид бериш, ҳаётини яхшилаши, банд бўлишига кўмаклашиш энг охирги ўринга тушиб қолган», — деди президент.

Бундан ташқари, Шавкат Мирзиёев ногиронлиги бўлган шахсларни тиббий ва ижтимоий реабилитация қилиш, касбга ўргатиш орқали тўлақонли ҳаётга қайтаришга эътибор сустлашиб кетганини танқид қилди, ногиронлиги бор шахслар ишлаши мумкин бўлган касблар рўйхати замон талабларидан келиб чиқиб қайта кўриб чиқилмагани сабабли улар ўзининг меҳнат салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқара олмаётганини айтди.

Шунингдек, давлат раҳбари оғир ижтимоий аҳволдаги одамларни ҳаётга илҳомлантирадиган, рағбат уйғотадиган таъсирчан контент, шеър, қўшиқ, фильм ва бошқа бадиий асарлар яратилмаётганини таъкидлади.

Қайд этилишича, эндиликда ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, хизматлар кўрсатиш жараёнларини соддалаштириш ва тезлаштириш мақсадида:

  • эҳтиёжманд тоифани белгилаш бўйича мезонлар ишлаб чиқилади ва айнан қандай ёрдамга муҳтожлик борлиги аниқ белгилаб берилади;
  • ҳар бир муҳтож фуқаро бўйича индивидуал ижтимоий хизматлар дастури бўлади;
  • маҳалладаги «еттилик» учун ижтимоий хизматлар бўйича ягона саволнома жорий қилинади;
  • маҳалладаги барча ижтимоий хизматларни босқичма-босқич ижтимоий хизмат кўрсатиш шартномаси орқали тақдим этиш йўлга қўйилади.