Мубашшир Аҳмад Туркиянинг Истанбул вилоятидаги депортация марказидан чиқарилди, деб хабар бермоқда Ўзбекистоннинг мамлакатдаги элчихонаси.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йилнинг 28 декабрь куни Мубашшир Аҳмад тахаллуси билан танилган Алишер Турсунов Туркия ички ишлар тизими ходимлари томонидан гумонланувчи сифатида олиб кетилган эди. Полиция уни Истанбул вилояти Чаталжа туманида жойлашган Бинкилич депортация марказига жойлаштирган.

Ўшанда Истанбулдаги бош консулхона Мубашшир Аҳмадга нисбатан тегишли консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатилаётганини маълум қилганди.

Azon Global ахборот таҳлилий портали эса адвокатлар ҳодиса содир бўлган кунданоқ ҳаракатларини бошлагани ва бошқа барча керакли чоралар кўрилаётганини билдирган.

«Бугун, 21 февраль куни ватандошимиз депортация марказидан оиласи бағрига қайтганини маълум қиламиз», — дейилади элчихонанинг чоршанба кунги хабарида.