2023 йилнинг 28 декабрь куни Мубашшир Аҳмад тахаллуси билан танилган Алишер Турсунов Туркия ички ишлар тизими ходимлари томонидан гумонланувчи сифатида олиб кетилгани хабар қилинганди.

Ўзбекистоннинг Истанбулдаги бош консуллиги бу маълумотни тасдиқлади. Қайд этилишича, у Туркия полицияси томонидан ўзи яшаб турган уйидан олиб кетилган. Ҳозирда Истанбул вилояти Чаталжа туманидаги Бинкилич депортация марказига жойлаштирилган.

Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчихонаси ва Бош консулхонаси томонидан ватандошимизга нисбатан тегишли консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатилаётганини маълум қиламиз, — дейилади хабарда.

Azon Global ахборот таҳлилий портали ҳодиса содир бўлган куниданоқ адвокатлар ҳаракатларини бошлашгани ва бошқа барча керакли чоралар кўрилаётганини маълум қилганди.

2023 йил августда Мубашшир Аҳмад Azon медиа гуруҳи (Azon.uz сайти, Azon FM онлайн радиоси, Azon TV онлайн телевидениеси) барча лойиҳаларни тўхтатганини маълум қилганди.

Маълумот учун, ноябрь ойида тўрт тилда (ўзбек, рус, инглиз ва турк) фаолият юритувчи Azon Global портали тест режимида ишга туширилганди.