2024 йилда Ўзбекистонни кузатувлар тарихидаги энг иссиқ ёз кутаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Ўзгидромет хабарларни рад этиб, 2024 йил ёзи одатдагидек бўлишини хабар қилди.

Қайд этилишича, ҳозирда кузатилаётган Эль-Ниньо табиий ҳодисаси 2024 йилнинг апрелигача давом этади. Ушбу ҳодиса 10 та рақамли иқлим моделлари ҳисоб-китобларининг ўртача натижаси ҳисобланади. Кейинчалик, илмий асосларга кўра, Ўзбекистонда одатдаги иссиқ ёз фасли (Тошкентда ҳаво ҳарорати +40 даражагача), қуруқ куз ва совуқ қиш билан тавсифланган Ла-Нинья жараёни ривожлана бошлайди. Қуруқ куз, яъни ёғингарчилик миқдори меъёрдан паст бўлиши кутилмоқда.

Ўзгидрометнинг таъкидлашича, иссиқ ёз — Ўзбекистон иқлими учун тез-тез учрайдиган ҳодиса. Жануб ва чўл ҳудудларида +40…+45 даражагача, қолган ҳудудларда эса +40…+42 даражагача иссиқ бўлади. Энг иссиқ ҳаво ёз ойида одатда 5−7 кун давом этадиган термал тушкунлик билан боғлиқ ва бундай ҳолат 2−3 маротаба кузатилади.

Аввалроқ хабар берилганидек, 2024 йилнинг январи дунё бўйлаб мазкур ой учун рекорд даражада иссиқ кечди. Олимлар бу январь кетма-кет саккизинчи энг иссиқ ой бўлганини таъкидламоқда — рекорд даражалар 2023 йил июнидан бери қайд этиляпти.

Метеорологлар аввалроқ 2023 йил рекорд даражадаги энг иссиқ йил бўлганини тасдиқлаганди — глобал ҳарорат саноатдан олдинги ўртача кўрсаткичдан 1,4 даражага юқори бўлган. Аммо, олимларнинг дастлабки ҳисоб-китобларига кўра, 2024 йил атмосферага чиқаётган иссиқхона газлари чиқиндилари кўпайиб, шунингдек, Эль-Ниньо табиий ҳодисаси туфайли ўтган йилга нисбатан иссиқроқ бўлиши мумкин.