19 февраль куни Фарғона вилояти Бағдод туманига Ғанижон Шералиевич Солиев ҳоким этиб тайинланди, дея хабар бермоқда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.

Ғанижон Солиев 1979 йилда Бағдод туманида туғилган. Тошкент молия институтини иқтисодиёт йўналишида тамомлаган. Меҳнат фаолиятини 2002 йилда Учкўприк тумани молия бўлимида бошлаган. Турли йилларда Молия вазирлиги ижтимоий соҳа ва аҳолини молиялаштириш бош бошқармасида, Фарғона вилояти молия бошқармасида, Фарғона шаҳри ва Бағдод тумани молия бўлимларида масъул лавозимларда ишлаган.

Ғанижон Солиев.Фото: Фарғона вилояти ҳокимлиги.Ғанижон Солиев.
Фото: Фарғона вилояти ҳокимлиги.

2014−2017 йилларда Олтиариқ тумани ҳокимининг ўринбосари, 2017−2020 йилларда Бағдод тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари лавозимларида фаолият олиб борган. 2020−2022 йилларда Фарғона вилояти ҳокимлиги молия бош бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари бўлган.

Мазкур лавозимда у Юсуфжон Хусаинов ўрнини эгаллади. Солиев мазкур лавозимга қадар 2022 йил 11 январдан буён туманнинг Хўжақишлоқ маҳалласида тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ҳоким ёрдамчиси бўлиб ишлаб келаётганди.

Шунингдек, вилоятнинг Учкўприк тумани ҳокими Аброржон Асқаров ўрнига Қодиржон Носиржонович Эркабоев ҳоким этиб тайинланди.

Қодиржон Эркабоев 1988 йилда Бешариқ туманида туғилган. Фарғона политехника институтини тамомлаган. Меҳнат фаолиятини 2013 йилда Марказий банк Фарғона вилояти бош бошқармасида бошлаган ҳамда 2020 йилга қадар қатор масъул лавозимларда фаолият олиб борган.

Қодиржон Эркабоев.Қодиржон Эркабоев.

2019−2020 йилларда Марказий банк вилоят бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари, 2020−2021 йилларда биринчи ўринбосари бўлган. У 2021 йил 10 августдан буён «Ўзсаноатқурилишбанк» АТБ Фарғона минтақавий филиали бошлиғи бўлиб фаолият кўрсатиб келаётганди.

Бундан ташқари, шу куни Жиззах вилоятининг Бахмал туманига Азиз Эргашев ҳоким вазифасини бажарувчи этиб тайинланди, дея хабар қилди вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.

Азиз Эргашев.Фото: Жиззах вилояти ҳокимлиги.Азиз Эргашев.
Фото: Жиззах вилояти ҳокимлиги.

Эргашев айни лавозимга қадар Жиззах шаҳри ҳокимининг биринчи ўринбосари бўлиб фаолият юритиб келаётганди.