Эндиликда ўта муҳим иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий аҳамиятга эга бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш тўғрисидаги маълумотлар уларни ишлаб чиқиш бошланишидан олдин аҳолидан таклиф ва тавсиялар олиш учун интернет тармоғида эълон қилинади. Бу Ўзбекистон президентининг 19 февралдаги «Қонун ижодкорлиги жараёни сифатини ошириш тўғрисида»ги [ПҚ-75-сонли] қарорида назарда тутилган.

«Қарор „норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда фуқаролик жамияти институтлари ва илмий жамоатчилик вакиллари иштирокини кенгайтириш, жамоатчилик муҳокамаси тизимини такомиллаштириш ва норма ижодкорлиги жараёнини халққа яқин бўлишини таъминлашга“ қаратилган», — дейилади ҳужжатда.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари тўғрисидаги маълумотлар уларни муҳокама қилиш порталида жойлаштирилади. Қарорда «янги таҳрирдаги Конституцияни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш жараёнида тўпланган ижобий тажриба» ҳақида сўз боради.

Адлия вазирлигига «Жамоатчилик муҳокамасига киритилаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари юзасидан аҳолидан тушган таклиф ва мулоҳазаларга ишлаб чиқувчиларнинг муносабати устидан таъсирчан назоратни йўлга қўйиш» топширилди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 2018 йилда барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини мажбурий жамоатчилик муҳокамасига қўйиш талаби киритилганди. Бироқ, 2022 йил март ойида бу талаб президент фармони билан ўзгартирилди.

Хусусан, қонун ҳужжатларида «барча лойиҳалар» ибораси «муҳим иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий аҳамиятга эга бўлган лойиҳалар» иборасига, «мажбурий» ибораси «қоида тариқасида» деган сўзлар билан алмаштирилди.

2022 йил апрел ойида Газета.uz Йўл ҳаракати қоидалари муҳокамаси эътиборсиз қолгани ҳақида ёзганди.