«Док-1 Макс» иши бўйича 2024 йил 19 февраль куни навбатдаги суд мажлиси ўтказилди. Унда Фармагентликнинг собиқ раҳбари Сардор Кариевнинг нутқи тингланди, дея ёзмоқда Kun.uz нашри.

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ва унинг ҳузуридаги Давлат марказининг собиқ директори Сардор Кариев унга нисбатан қўйилган айбловлардан бирортасида қандайдир жиноий қасд ёки совуққонлик бўлмаганини айтди ва суддан оқлов ҳукми чиқаришни сўради.

Қуйида унинг нутқи келтириб ўтилади:

«Ассалому алайкум суд иштирокчилари, суд ҳайъати авваламбор мен адвокатларим, ҳимоячиларим томонидан музокара давомида келтирилган важ ва далилларнинг барчасига қўшиламан. Тергов томонидан менга қўйилган айбларнинг бирортасига ҳам иқрор эмасман, деб ҳисоблайман. Менга қўйилган айбловлардан бирортасида менда қандайдир жиноий қасд ёки совуққонлик бўлмаганини таъкидлаб ўтаман.

Эътибор берган бўлсангиз, тергов ёки суд давомида мен ўзимнинг кўрсатмаларимни ўзгартирмадим. Менга қарши кўрсатма бераётган одамларнинг барчаси ўзининг кўрсатмасини ё ўзгартирди, ё бошқача важлар билан тўлдирди. Бу, албатта, далолатки, уларнинг менга қарши бераётган кўрсатмасида ҳаққонийлик йўқлигидан.

Дастлабки тергов ҳужжатлари ва пушаймонлик хатлари билан танишганимда бир нарсага гувоҳ бўлдимки, нимаики қилинган бўлса ҳаммаси менинг номимни сотиб, орқамдан қилинган ҳаракатлар. Бу ҳужжатлар билан сиз ҳам танишгансиз, албатта. Шу хулосага келишингиз мумкин. Менга асосий қўйилаётган айблардан бири бу гўёки мен инспекциядан ечилиш бўйича топшириқ берган эканман. Бу нарса бўлмаган ва бунақа топшириқ бермаганман", — дея таъкидлаган агентликнинг собиқ раҳбари.

Сардор Кариев буларни инобатга олган ҳолда суддан ўзига нисбатан оқлов ҳукми чиқаришни сўради.

Олдинги суд мажлисида Кариевнинг адвокатлари нутқи тингланиб, улар терговда Кариевга қўйилган айбловлар судда ўз исботини топмаганини айтганди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, суд иши доирасида прокурор Саидакрaмхон Оқилов суд ҳайъатидан Сардор Кариевни 18 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлашни ва тайинланган жазони умумий тартибли колонияда ўташни белгилатишни сўраганди. Quramax (дори импорт қилувчи) компаниясининг собиқ директорини эса 20 йилга озодликдан маҳрум этиш сўралган. Шунингдек, давлат қораловчиси судланувчилардан ҳалок бўлган болаларнинг оилаларига 100 миллион сўм ундиришни сўради.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди Ўзбекистонда Ҳиндистоннинг Marion Biotech фармацевтика компанияси дори воситаларини, жумладан, «Док-1 макс» йўтал сиропини истеъмол қилиш оқибатида камида 69 нафар боланинг ўлими билан боғлиқ жиноят ишини ўтган йилнинг 11 август куни кўриб чиқишни бошлади. Судда 23 киши (18 эркак ва 5 аёл) бор.