Ўтган ҳафта охирида Ўзбекистон ҳудудига кириб келган совуқ ҳаво массаси таъсири янги ҳафта бошида сақланиб туради, деб хабар берди Ўзгидромет хизмати агентлиги.

Ушбу ҳафта давомида ҳаво ҳарорати асосан кечалари -3…−8 даража совуқ, шимолда -7…−12 даража совуқ, баъзи жойларда -16 гача совуқ, кундузи 19−20 февралда −3…+2 даража илиқ, 21−23 февралда 0…+5 даража илиқ атрофида бўлади.

Душанба куни кундузи кўпчилик вилоятларда баъзи жойларда асосан қор кўринишидаги ёғингарчилик бўлади, фақат Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида ёғингарчилик кутилмайди.

20 февралда Фарғона водийси вилоятларида, шунингдек, кечаси ва эрталаб Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё, Қашқадарё, Сурхондарё вилоятларида бироз қор ёғиши мумкин.

21−23 февраль кунлари асосан ёғингарчиликсиз об-ҳаво бўлиши кутилмоқда. Республика бўйича баъзи жойларга туман тушади. Шамол шимоли-шарқдан 7−12 м/с тезликда эсади.

Йўлларда яхмалак кузатилади. Тоғли ҳудудларда вақти-вақти билан қор ёғади. Қор кўчиши хавфи бор.

Пойтахтда душанба куни кундузи, шунингдек, 20 февралда кечаси ва эрталаб вақти-вақти билан қор ёғади. 21−23 февралда ёғингарчилик кутилмайди. Шамол шимоли-шарқдан 5−10 м/с тезликда эсади. Кечаси ва эрталаб туман тушиши мумкин. Ҳарорат кечаси -3…−8 даража совуқ, кундузи 19−20 февралда −2…+3 даража илиқ, 21−23 февралда 0…+5 даража илиқ бўлади.