Андижон вилояти Андижон туманида «Ипак йўли» эркин иқтисодий зонаси ташкил этилмоқда. Мақсад — Буюк ипак йўлида жойлашган давлатлар, жумладан, Хитой билан савдо ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш. Шавкат Мирзиёев 15 февраль куни бу ҳақдаги қарорни имзолади.

ЭИЗ 218,18 гектар майдонда ташкил этилади, шундан 201,23 гектари — саноат, транспорт, алоқа, мудофаа ва бошқа мақсадларга мўлжалланган ерлар тоифасига ўтказилиши керак бўлган суғориладиган қишлоқ хўжалиги ерлари ҳисобланади. Шу сабабли 2025 йилгача янги ерларни суғориладиган ерлар тоифасига ўтказган ҳолда икки баробар ҳажмда ўзлаштириш топширилди.

ЭИЗ фаолиятининг асосий вазифалари ва йўналишлари қуйидагилардан иборат:

  • ташқи бозорларда талаб қилинадиган ва импорт ўрнини босувчи, юқори қўшилган қийматга эга саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш учун тўғридан-тўғри хорижий ва маҳаллий инвестицияларни жалб этиш;
  • маҳаллий хомашё ва материаллар негизида мустаҳкам кооперация алоқаларини ўрнатиш, «Ипак йўли» ЭИЗ иштирокчилари ўртасида ва республиканинг бошқа ҳудудлари билан саноат кооперациясини ривожлантириш асосида юқори даражадаги саноат ишлаб чиқаришини кенгайтириш;
  • ҳудуднинг ишлаб чиқариш ва ресурс салоҳиятидан самарали фойдаланиш асосида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш, маҳаллий аҳоли учун доимий иш ўринлари яратиш.

ЭИЗнинг фаолият кўрсатиш муддати қонун ҳужжатларига мувофиқ узайтириш имконияти билан 30 йилни ташкил этади. Иштирокчилар алоҳида солиқ, божхона имтиёзлари ва бошқа преференцияларга эга бўлади.

Инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш учун ер участкалари онлайн аукционлар орқали берилади. Инфратузилма объектларини қуриш ишларини аукциондан тушган маблағлар ҳисобидан молиялаштириш режалаштирилган.

Андижон вилояти ҳокимлигига Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда «Ипак йўли» ЭИЗнинг ҳудудлари бош режасини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш топширилди. Бош режани ишлаб чиқиш бўйича пудратчи танлов (тендер) натижаларига кўра танланади.

2025 йил охиригача эркин иқтисодий зона ҳудудига 3 миллиард долларлик хорижий инвестициялар жалб этилиши режалаштирилган.

Президент 16 февраль куни бўлиб ўтган йиғилишда вилоят ҳокимлиги томонидан Хитой инвесторлари билан ушбу маблағга 30 дан ортиқ шартнома имзолангани, шу йилнинг ўзида маблағнинг 1 миллиард долларини ўзлаштириш мумкинлигини маълум қилганди.

ЭИЗ ҳудудида энергетика, электротехника, машинасозлик, тўқимачилик саноати ва қишлоқ хўжалиги соҳаларидаги лойиҳалар амалга оширилади.

16 минг янги иш ўрни яратиш, йилига 20,1 триллион сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, 580,7 миллион долларлик қўшимча экспорт ва давлат бюджетига 1,2 триллион сўм солиқ тушумларини таъминлаш режалаштирилган.