Ўзбекистонда таълим муассасаларида газланган ичимликлар ва тузи юқори бўлган қайта ишланган озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилиш тақиқланиши мумкин. Бу президентнинг 16 февралдаги фармони билан тасдиқланган озиқ-овқат хавфсизлиги ва соғлом овқатланишнинг 2030 йилгача мўлжалланган стратегиясида кўзда тутилган.

Ҳужжатга кўра, масъул вазирлик ва идоралар 2024 йилнинг тўртинчи чорагига қадар ҳукумат қарори лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритиши лозим. У кучли газланган, рангли, ширин ва энергетик ичимликлар ҳамда юқори даражада тузланган қайта ишланган озиқ-овқат маҳсулотлари истеъмоли ва реализациясига чекловлар жорий этишни назарда тутади.

Чекловлар болалар боғчалари, мактаблар, коллежлар, лицейлар, касб-ҳунар таълими муассасалари ва олий ўқув юртларига тааллуқлидир.

Эслатиб ўтамиз, Соғлиқни сақлаш вазирлиги 2022 йил 1 сентябрдан мактаблар ва уларга яқин жойларда газланган ичимликлар ва тез тайёрланадиган овқатларни камида 500 метр масофада сотишни тақиқлашни таклиф қилганди, бироқ 2026 йилгача ўсмирлар саломатлиги ва фаровонлигини ҳимоя қилиш стратегияси лойиҳаси ҳалигача қабул қилинмаган.

Аввалроқ 2024 йилнинг 1 апрелидан таркибида шакар бўлган газланган ичимликлар литри учун 500 сўм, энергетик ичимликлар учун 2000 сўм миқдорида акциз солиғи жорий этилиши хабар қилинган.