ChatGPT чатботини ишлаб чиққан сунъий интеллект соҳасидаги тадқиқотлар билан шуғулланувчи OpenAI компанияси фойдаланувчи сўровлари асосида видеолар яратувчи сунъий интеллект моделини ишлаб чиқди.

Янги маҳсулот Sora деб аталиб, фойдаланувчилар сўровлари асосида давомийлиги 1 дақиқагача бўлган фотореалистик клиплар ярата олади. Sora матн шаклидаги кўрсатмалар ва статик тасвирлар асосида ишлай олади.

«Модель бир нечта белгилар ва батафсил фонни ўз ичига олган мураккаб саҳналарни яратиши мумкин», дея таъкидлаган уни ишлаб чиққан мутахассислар. Уларнинг сўзларига кўра, у «реал дунёдаги нарсалар физикасини тушунади» ва қаҳрамонларнинг эмоцияларини такрорлай олади.

Шу билан бирга, компания Sora`дан фойдаланиш давомида мураккаб саҳналарнинг физик жиҳатини аниқ моделлаштиришда юзага келиши мумкин бўлган қийинчиликлар ва бошқа хатолар ҳақида огоҳлантирган. Ҳозир модель тест қилинаётгани ва фақат чекланган доирадаги рассомлар, дизайнерлар ва режиссёрлар учун ундан фойдаланиш имконияти мавжудлиги айтилган.

«Тестдан ўтказиш жараёнида иштирок этганлар ўз фикр ва мулоҳазаларини билдиришлари керак», дея қайд этган компания. Расмий релиз санаси бўйича маълумот берилмаган.

Бир неча кун олдин, OpenAI ChatGPT`да фойдаланувчилар «хотиралари» функциясини синаб кўриш бошланганини маълум қилганди.

Қуйида Sora орқали яратилган видеоларни кўришингиз мумкин: