16 февраль куни тушдан кейин Uzbekistan Airways таркибига кирувчи Silk Avia минтақавий авиакомпаниясининг янги ATR 72−600 самолёти Тошкент халқаро аэропортига қўнди. Uzbekistan Airports матбуот хизмати хабарига кўра, самолёт анъанавий тарзда сув аркаси билан кутиб олинди.
Авиакомпания паркидаги тўртинчи самолёт Тулузадаги (Франция) АТR заводидан пойтахт аэропортига — Истанбулда (Туркия) техник тўхташни амалга ошириб — етиб келди.
Самолёт соддалаштирилган фюзеляж рангига эга — оқ. Яқин кунларда Uzbekistan Airways Technics ангарларидан бирида миллий хон-атлас тасвири туширилган ливрея қўлланиши режалаштирилган, деб хабар қилди Uzbekistan Airways матбуот хизмати.
Сўнгра янги самолёт мамлакат бўйлаб мунтазам парвозларни амалга ошира бошлайди.
Silk Avia — Uzbekistan Airports томонидан ташкил этилган лоукостер авиакомпания бўлиб, парвозларини 2023 йил 25 апрелдан бошлаган. Унинг дастлабки учта самолёти Bangkok Airways компаниясидан сотиб олинган.
Ўтган йилнинг октябрь ойида президент қарори билан компания бренди сақлаб қолинган ҳолда Uzbekistan Airways таркибига ўтказилган.
ATR 72−600 — икки двигателга эга, турбовинтли, қисқа масофага учувчи самолёт. Крейсер тезлиги 550 км/соат, 1400 км гача бўлган масофада бир тоифада 70 нафаргача йўловчини таший олади ҳамда иккита учувчи томонидан бошқарилади.