Оқ уй маъмурияти ўзининг Яқин Шарқдаги ҳамкорлари билан Исроил ва Фаластин ўртасида узоқ муддатли тинчлик ўрнатиш режасини муҳокама қилмоқда, дея хабар берди The Washington Post (WP). Режа Фаластин давлатини яратишнинг «аниқ муддатларини» ўз ичига олиши таъкидланган.

Нашрнинг АҚШ ва араб мамлакатлари расмийларига таяниб ёзишича, муҳокама қилинаётган режада уни амалга ошириш бўйича дастлабки қадамларга вақт бўлиши учун Ғазо секторида олти ҳафта давомида ўт очишни тўхтатиш назарда тутилади. The Washington Post Байден маъмурияти таклифлари сифатида қуйидагиларни санаган:

  • Ғарбий Соҳилдан яҳудий манзилноҳларида яшовчи аҳолини эвакуация қилиш;
  • Шарқий Қуддусда Фаластин давлатининг пойтахтини яратиш;
  • Ғарбий Соҳил ва Ғазо секторидаги Фаластин маъмуриятларини бирлаштириш.

Бундан ташқари, нашрнинг қайд этишича, ушбу режанинг бир қисми сифатида Исроилга «рад этиш қийин» бўлган хавфсизлик кафолатлари ва Саудия Арабистони ва бошқа араб давлатлари билан муносабатларни нормаллаштириш таклиф қилинишига «умид бор».

The Washington Post суҳбатдошларидан бири Оқ уй эришмоқчи бўлган келишувнинг «асосий нуқтаси» сифатида ХАМАС асирга олган исроилликларнинг озод этилишини келтирган.