Қирғизистон президенти Садир Жапаров 20 миллион долларлик мулкини қонунийлаштирганини айтди. Унинг сўзларига кўра, бу даромадларни легаллаштириш тўғрисидаги қонун доирасида расмийлаштирилган.

«Мулкимнинг қиймати тахминан 20 миллион долларни ташкил қилади. Қонунийлаштириш учун давлатга миллион сўм тўладим. Буни қонун талаб қилади. Чет элда мулким йўқ. Бўлганида, уларни ўзимиздаги банкларга қўйган бўлардим», — деб ёзди Жапаров Facebook`да.

Қирғизистон раҳбари сиёсатга бизнесдан келганини эслатди ва Бишкекдаги Asman бизнес маркази биносига эгалик қилишини тан олди. У 2010 йилда қуриб битказилган ва мамлакатдаги апрель инқилобидан кейин Жапаров фракциясини бошқарган «Ата-Журт» партиясининг штаб-квартираси сифатида фойдаланилган. 2020 йилда президентлик сайлови вақтида бинода Жапаровнинг штаб-квартираси ташкил этилган эди.

Asman бизнес маркази. Фото: Садир Жапаровнинг Facebook`даги саҳифаси.Asman бизнес маркази. Фото: Садир Жапаровнинг Facebook`даги саҳифаси.

«Менинг биноларим аввал бошқа одамлар номида бўлган. Ҳозир легализация тўғрисидаги қонун асосида уларни рўйхатдан ўтказдим. Мен намуна кўрсатмоқчи бўлдим ва биринчи бўлиб мулкимни қонунийлаштирдим», — деди Қирғизистон президенти.

У гап яна қайси бинолар ҳақида кетаётганига аниқлик киритмади. Унинг постига фақат Asman бизнес маркази сурати илова қилинганди.

Жапаров, шунингдек, бой қирғизистонликларни 2024 йил 1 июлдан кучини йўқотадиган қонундан фойдаланиб, мулкини қонунийлаштириш ва хорижий банклардаги пулларини маҳаллий банкларга ўтказишга чақирди. Унинг қўшимча қилишича, давлат қонунийлаштирилган капитал 100 фоиз сақланишини кафолатлайди.

«Ҳеч кимга сир эмас, барчамиз (оддий фуқаролар эмас, ўртача бизнес даражасидан юқори бўлган тадбиркорлар) ўз мулкимизни бировнинг номига расмийлаштирганмиз. Қолаверса, мамлакатимизнинг энг бадавлат фуқаролари ҳамон миллиардларини хорижий банкларда сақламоқда, — деди Жапаров. — Ҳозиргача йирик миқдордаги маблағнинг манбаси ва бу маблағлардан тўланган солиқ миқдори кўплаб саволларни туғдирарди. Энди ушбу қонун билан бу каби муаммо юзага келмаслиги учун қонунийлаштириш имкониятини яратяпмиз».

  • Жапаров айтаётган «Жисмоний шахсларнинг мол-мулкини ихтиёрий равишда легаллаштириш ва амнистия қилиш тўғрисида»ги қонун 2023 йилда қабул қилинган. Парламент муҳокамаси босқичида ҳам ҳужжат айрим депутатлар, шунингдек, ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилотлар томонидан танқид қилинганди.
  • «Адилет» юридик клиникаси ҳуқуқшунослари қонун лойиҳасини шарҳлар экан, «аслида бу коррупциянинг қонунийлаштирилиши» эканини таъкидлади: «Таклиф этилаётган лойиҳа, аксинча, масалан, оғир жиноятлар, одам савдоси, болалар меҳнатидан фойдаланиш ва мажбурий меҳнатдан даромад олишни рағбатлантиради. Бундан ташқари, жиноятдан олинган даромадларни легаллаштиришга йўл қўйган шахсларни ҳар қандай жавобгарликдан озод қилиш жиноят қонунчилигининг содир этилган жиноят учун жавобгарликнинг муқаррарлиги ҳақидаги асосий тамойилига зиддир».
  • Жапаровнинг ўзи эса қонуннинг мақсади бойлар ва собиқ амалдорларнинг пулларини Қирғизистонга қайтариш эканини таъкидлаган. «Бизда 200 га яқин бойлар, миллионерлар ва миллиардерлар бор. Улар корхоналар қуради, лекин пулларини чет эл банкларида сақлайди. Октябрь воқеаларидан кейин (2020 йил октябрь ойида Қирғизистонда бўлиб ўтган норозилик намойишлари — таҳр.) уларнинг пулларини қайтаришга ҳаракат қилдик, 2 миллиард доллардан 100 миллиард сўмгача қайтардик, — дегандиу. — Биз пулнинг офшорларда, масалан, Кипрда ётишини эмас, балки мамлакатимиз учун ишлашини истаймиз».